Нидерландияда ҳам намойишлар авж олди (фоторепортаж)

Олам 4151
protesto_3443

Нидерландияда маҳаллий аҳоли коронавирусга қарши кураш учун Ҳукумат томонидан жорий қилинган чора-тадбирларга қарши чиқди. 

Мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида уюштирилган тартибсизликлар ортидан 240 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. 

Амстердам шаҳридаги Музей майдонидаги намойишларда қатнашган 190 нафар намойишчи, очиқ зўравонлик қилгани учун 33 нафар жиноятчи (улардан етти нафари вояга етмаган) ҳибсга олинган. 

Қўлга олинган шахсларнинг 142 нафари шаҳар қонунчилигини бузганликда, яна 15 киши эса 184-модда, яъни, полиция талабларига бўйсунмасликда айбланмоқда. 

Қайд этилишича, тартибсизликлар кеча, 24 январь куни мамлакатда комендантлик соати амалга киргандан сўнг бошланган. 

Мамлакатнинг Хелмонд шаҳрида намойишчилар хавфсизлик кучларига тош улоқтиришган. Венло шаҳрида бир нечта дўкон ойналари синган. Бошқа шаҳарларда эса одамлар ўт қўйган.

Амстердамда полиция митингни тарқатиш учун таёқчалар ва сув пуркагичлардан фойдаланган, Эйндховенда эса кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилган. 

Маълумот ўрнида, Нидерландия Ҳукумати жорий йилнинг 9 февралигача кучли локдаунни узайтирган. 

Мамлакатда фақатгина озиқ-овқат ва зарур моллар сотиладиган дўконлар мижозларга хизмат кўрсатади. Кафе, ресторан, театрлар, музейлар, кўнгилочар марказлар, ҳайвонот боғлари, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, казинолар, сауналар, бассейнлар, спорт заллари бутунлай ёпилган. 

2020 йил 16 декабрдан бошлаб Нидерландиядаги барча таълим муассасалари масофавий режимга ўтган. 

Кеча, 24 январдан эса Нидерландияда комендантлик соати бошланган. Унга кўра, соат 21:00 дан 04:30 гача узрсиз сабабсиз кўчага чиқиш тақиқланади.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 3.2
t
×