Неймарни судга бериш билан таҳдид қилинди

Спорт

image

Бразилиянинг “Сантос” клуби ярим ҳимоячиси Робиньо Жуниорнинг вакиллари жамоа ҳужумчиси Неймар билан юзага келган можаро юзасидан текширув ўтказишни талаб қилиб, қонуний чоралар кўриш билан таҳдид қилишди. Бу ҳақда “Goal” хабар берди. 

Аввалроқ, нашрнинг ёзишича, якшанба кунги машғулот пайтида Неймар Робиньо Жуниорнинг унга қарши кескин ўйнаганидан норози бўлган. Машғулотдан сўнг, футболчилар ўртасида тортишув юзага келиб, улар бир-бирини итариб юборишган. Манбаларга кўра, Неймар рақибининг юзига зарба бериб, 18 ёшли футболчини йиқитган. Шунга қарамай, можаро кейинчалик бартараф этилгани ва Неймар жамоадошидан узр сўрагани айтилмоқда.

Шундан сўнг, Робиньо Жуниор томони судгача бўлган расмий билдиришнома юбориб, Неймар устидан 3 та айблов қўзғатгани ҳамда клуб раҳбарияти билан учрашув ўтказишни сўрагани маълум бўлди. Футболчининг вакиллари “Сантос”дан 48 соат ичида ички текширув ўтказишни, машғулот видеоёзувларини тақдим этишни, кўрилган чоралар ҳақида расмий маълумот беришни ва шартнома масаласини муҳокама қилиш учун учрашув ташкил этишни талаб қилмоқда.

Билдиришномада қайд этилишича, агар клуб бу талабларни бажармаса, бу ҳолат “шартномавий ишончнинг бузилиши” ва “иш хавфсизлигини таъминламаслик” сифатида баҳоланиши мумкин. Бу эса, футболчининг ташаббуси билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишга олиб келиши эҳтимоли бор. Шунингдек, маънавий ва моддий зарар учун даъво аризалари ҳам киритилиши мумкин.

Маълумот учун, Неймар 34 ёшда бўлиб, унинг “Сантос” билан шартномаси 2026 йил охиригача амал қилади. Робиньо Жуниор эса Бразилия терма жамоаси ва “Реал Мадрид”нинг собиқ ҳужумчиси Робиньонинг ўғли ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Неймар “Сантос” Робиньо Жуниор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг