Нетаньяху Яқин Шарқдаги урушга янги ном бермоқчи
Олам
−
08 Октябрь
6406Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакатнинг Ғазо сектори ва Ливанда олиб бораётган урушини расман “Қайта туғилиш уруши” деб аташни таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 7 октябрь куни урушнинг 1 йиллигига бағишланган ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди.
Бош вазир 7 октябрдаги қирғинни “Холокостдан кейинги яҳудий халқига қарши энг даҳшатли ҳужум” деб атади. Шунингдек, у Эроннинг “қаршилик ўқидаги” душманларига қарши ҳужумни мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг зарурий шарти деб атаган.
“Биз минтақада янги хавфсизлик чораларини яратмоқдамиз. Фарзандларимиз, келажагимиз учун, 7 октябрда содир бўлган воқеа бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги учун шундай қилмоқчимиз”, деган Биньямин Нетаньяху.
Нетаньяху мамлакат етти жойда зарба бераётганини ва уруш барча белгиланган мақсадларга эришилгунга қадар давом этишини таъкидлади. Хусусан, у Ғазода ҲАМАС ҳукуматининг ағдарилиши, барча ўлган ва тирик гаровга олинганларнинг уйларига қайтиши, Ғазо секторидан Исроилга ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш ҳамда жануб ва шимолдаги аҳолининг ўз уйларига қайтиши ҳақида гапирди.
“Сиз хоҳлаганингизча кўплаб номларни ўзгартиришингиз мумкин, лекин сизнинг раҳбарлигингиз остида Исроил тарихидаги энг ёмон фалокат содир бўлгани ҳақидаги ҳақиқатини ўзгартира олмайсиз. Бу ҳукумат – қайта туғилиш ҳукумати эмас, бу – айбдорлик ҳукуматидир”, дея жавоб қайтарган Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Бош вазир томонидан урушга шундай ном бериш ташаббусига.
Маълумот учун, Яқин Шарқдаги вазият бундан роппа-роса 1 йил олдин – 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. Охирги маълумотларга кўра, қуруқликдаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилиш оқибатида 41,9 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 97 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 27 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг делегациялар учун ажратилган ўриндиқларнинг катта қисми бўш қолган йиғилишида қилган чиқишида халқаро ҳуқуқ доирасида Фаластин ҳудуди бўлган Шарқий Қуддус, Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини “Исроил” деб белгилаган хариталардан фойдаланганди. У “барака“ ва “лаънат” сўзлари ёзилган хариталарни кўрсатган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь