Нетаньяху сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазода урушни қайта бошлашга ваъда берди – WP
Олам
−
11:06
7174Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот коалициясидаги ҳамкорларига ҲАМАС билан сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлашга ваъда берди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Нетаньяхунинг айрим иттифоқчилари ҲАМАС билан отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувни эрта қабул қилинган қарор деб баҳолаган ва ҳукуматдан чиқиш билан таҳдид қилган. Хусусан, Исроил Миллий хавфсизлик вазири ва “Оцма Йеҳудит” (Яҳудий кучлари) партияси етакчиси Итамар Бен-Гвир бунга очиқчасига норозилик билдирган. Шунингдек, Молия вазири Бецалел Смотричнинг “Диний сионизм” партияси ҳукуматда қолишини “жангнинг кучайтирилиб, тўлиқ ғалаба қозонилмагунча янги шаклда давом этиши” шартига боғлаган.
Шунингдек, Нетаньяхунинг ўнг қанот фракциялари билан музокаралари давомида Исроил ҳукумати жорий йилнинг 18 январь кечаси ҲАМАС билан отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга овоз беришни кечиктирган. Парламент томонидан келишув ратификация қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Қатарнинг воситачилигида Исроил ва ҲАМАС отишмаларни тўхтатиш бўйича расмий келишув имзолагани хабар қилинганди. Ушбу келишув 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми билан бошланган 15 ойлик жанговар ҳаракатларга барҳам бериш мақсадини кўзлайди. Биринчи босқичда ҲАМАС 33 нафар асосан аёллар, болалар, қарияларни озод қилишни мўлжаллаган. Бунинг эвазига Исроил юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилади.
Келишувга кўра:
- Исроил Қуролли кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо секторидаги кўплаб ҳудудларни тарк этади, бироқ Ғазо ва Миср чегарасидаги Филадельфия йўлаги ҳамда Исроил ва Ғазо ўртасидаги буфер зонада фаолият юритишда давом этади;
- Ғазо аҳолиси ўз уйларига қайтиш имконига эга бўлади;
- Кейинги босқичда эркаклар ва қолган гаровдагиларнинг жасадлари қайтарилиши кутилмоқда;
- Якуний босқич Ғазонинг урушдан кейинги тикланишига қаратилган бўлади.