Нетаньяху соғлиғи сабабли лавозимини тарк этди
Олам
−
01 Апрель
32934Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мунтазам текширув вақтида аниқланган умуртқа чурраси бўйича операция қилиниши сабабли вақтинча лавозимини тарк этди. Бу ҳақда бугун, 1 апрель куни Бош вазир девони маълум қилди.
Қайд этилишича, операция муваффақиятли ўтказилган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ҳушида ва ўзини яхши ҳис қилаётгани айтилмоқда. Айни пайтда у реабилитация бўлимига ўтказилган. Муолажа давомида унинг ваколатлари вақтинчалик Адлия вазири ва Бош вазир ўринбосари Ярив Левинга ўтади. Биньямин Нетаньяхунинг жарроҳлик амалиёти ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг 31 март куни кечқурунга мўлжалланган эди. Операция давомида Нетаньяху тўлиқ наркоз остида бўлиши айтилган.
Шифокорлар сиёсатчининг операциядан кейин қачон фаолиятини қайта бошлашига аниқлик киритмаган. Нетаньяхунинг ўзи бир операциядан бир кун аввал Вазирлар Маҳкамасида қилган чиқишида тез орада ишга қайтиш ниятида эканини айтган.
"Бош вазир Ҳадасса Эйн-Керем шифохонасининг тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдиради", дея қўшимча қилган идора.
Маълумот учун, 2023 йилда ҳам Исроил Бош вазирида юрак стимулятори имплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Операция ўтказишга юрак ритмини кузатиш учун аввал ўрнатилган қурилма юрак стимулятори имплантацияси зарурлигини билдирганидан кейин қарор қилинган. Ўшанда ҳам Ярив Левин бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 март куни ўн минглаб исроилликлар Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукумат сиёсатига норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан эди.
LiveБарчаси