Нетаньяху Президентдан афв сўради
Олам
−
01 Декабрь 9039 2 дақиқа
Кеча, 30 ноябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзига нисбатан давом этаётган коррупция иши бўйича мамлакат Президентидан афв этишни сўради. Унинг айтишича, афв этилиши Исроил учун “фойдали бўлади”. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нетаньяху 2019 йилда порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланган бўлиб, у мазкур айбловларни доимо рад қилиб келган. Унинг адвокатлари Президент девонига Бош вазирни афв этишни сўраб расмий мактуб юборган.
“Адвокатларим бугун Президентга афв сўрови юборди. Мамлакат фаровонлигини истаган ҳар бир киши бу қарорни қўллаб-қувватлашига ишонаман”, деди Нетаньяху.
Суд жараёни беш йилдан бери давом этаётганига қарамай, Бош вазир ҳам, унинг адвокатлари ҳам айбни тан олмаяпти.
Мухолифат етакчиси Яир Лапиднинг таъкидлашича, Нетаньяху айбини тан олмаган ва пушаймонлик билдирмаган бир пайтда уни афв этиш мумкин эмас.
Исроил қонунчилигига кўра, афв одатда суд жараёни якунланганидан кейин кўриб чиқилади, бироқ Нетаньяху адвокатлари бу сафар Президент мамлакатдаги сиёсий бўлинишни юмшатиш ва миллий бирликни мустаҳкамлаш учун истисно тариқасида қарор қабул қилиши мумкинлигини айтмоқда.
Президент Исаак Герцог девони сўровни “муҳим оқибатларга эга”, деб атаб, барча зарур фикр-мулоҳазалар олингач, масала “масъулият ва самимият билан” кўриб чиқилишини билдирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ўтган ойда Герцогга мактуб юбориб, Нетаньяхуни афв этишни кўриб чиқишга чақирган ва унга қарши ишни “сиёсий, асоссиз таъқиб” деб баҳолаган.
Анъанага кўра, президентга келган бундай сўровлар Адлия вазирлигининг афв бўлимига юборилади, ундан сўнг Президентнинг юридик маслаҳатчиси томонидан тавсия тайёрланади.
Маълумот ўрнида, жараённи назорат қилувчи асосий шахслардан бири – Исроил Адлия вазири, Нетаньяхунинг яқин иттифоқчиси ва “Ликуд” партияси аъзоси Ярив Левин ҳисобланади.