Нетаньяху масаласи билан шуғулланаётган ХЖС судьяси алмаштирилди
Олам
−
25 Октябрь
8064Бугун, 25 октябрь куни Халқаро жиноят судининг (ХЖС) Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши ҳибсга олиш ордери чиқариш талаби бўйича қарор қабул қилаётган судьяларидан бири алмаштирилди. Энди иш бўйича қарор қабул қилиш яна кечикиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу масала билан шуғулланаётган руминиялик судья Юлия Моток соғлиғи туфайли уч судьядан иборат ҳайъатни тарк этишни сўраган ва у дарҳол словениялик ХЖС судьяси Бети Хохлер билан алмаштирилган.
“Бу ҳаракат янги судьяга иш ҳужжатлари билан танишиш учун вақт зарурлиги туфайли иш бўйича қарор қабул қилишни яна кечиктириши мумкин”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ХЖС бош прокурори Карим Хон ордер бериш тўғрисидаги ҳаракатни 2024 йил май ойида бошлаган. Унинг таъкидлашича, тергов фақат “темир қиличлар” операцияси давомида содир этилган жиноятлар билан чекланиб қолмай, балки 2015 йилдан бери Исроил-Фаластин можаросининг турли воқеаларини ҳам ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Биньямин Нетаньяху мамлакат Бош прокурори Гали Баҳарав-Миарадан ХЖС ҳибсга олмаслиги учун ўзига ва мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан тергов бошлаш ва кейинроқ уни якунлашни сўраган эди. Бироқ мамлакат Бош прокурори бундай текширув ўтказишдан бош тортган. Унинг фикрича, ушбу ҳаракатлар ХЖСни қониқтирмайди.
LiveБарчаси