Нетаньяху Эрдўғанни террорчилар ҳомийсига чиқарди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
7635Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ғазо секторидаги вазият бўйича танқидларига қулоқ тутмаслигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 15 ноябрь куни америкалик миссионер Франклин Грэм билан суҳбатда сўз очди.
“Айтишим керакки, террорчиларни қўллаб-қувватловчи кучлар бор ва улардан бири Туркия Президенти Эрдўған. У Исроилни террорчи давлат деб атайди, лекин аслида террорчи ҲАМАС давлатини қўллаб-қувватлайди. У Туркиянинг ўзидаги қишлоқларни бомбардимон қилган. Шунинг учун биз ундан ҳеч қандай насиҳат эшитиш ниятимиз йўқ", деган Нетаньяху.
"The Times of Israel"нинг ёзишича, Нетаньяху бу гапи билан "Туркиянинг курдларга қарши ҳарбий ҳаракатлари"га ишора қилган бўлиши мумкин.
Унинг айтишича, Эрдўғаннинг Исроилни танқид қилишини қабул қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, Бош вазир жаҳон ҳамжамиятини Туркия раҳбарининг Фаластин-Исроил можароси юзасидан билдирган позициясини қоралашга чақирган.
Бош вазир идораси томонидан эълон қилинган баёнотда эса, Ғазодаги Исроил армияси “халқаро қонунларга мувофиқ адолатли уруш олиб бораётгани ва тинч аҳоли орасида қурбонларни минималлаштириш ва терроризмни йўқ қилишга ҳаракат қилаётгани” даъво қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси парламент фракцияси йиғилишида Исроилни террорчи давлат, ҲАМАС ҳаракат аъзоларини эса ўз ватанини ҳимоя қилаётган қаршилик жангчилари деб билишини айтганди.