Нетаньяху АҚШ унга нега босим қилаётганини айтди
Олам
−
19 Март
14837Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Кнессет (парламент) Ташқи ишлар ва хавфсизлик қўмитасидаги ёпиқ муҳокамада ўзи ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги тарангликни изоҳлаб, бунга ўзининг Фаластин давлатини тан олишни истамаслиги сабаб бўлаётганини айтди. Бу ҳақда “Kan” радиостанцияси хабар берди.
"Америка ҳужумлари менга қаратилган, чунки мен Фаластин давлатини яратишга тўсқинлик қиляпман. Исроилда америкаликларга йўқ дея олмаган одам Бош вазир бўла олмайди. Баъзилар муаммоли талабларига "ҳа" деб айтиш орқали улар билан муносабатларни яхшилаш мумкин, деб ўйлайди. Мен уларга бошқа Исроил Бош вазирларига қараганда тез-тез “йўқ” деб жавоб бераман ва бу осон эмас”, дея таъкидлаган Нетаньяху парламент аъзоларига.
Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Исроил Ғазо секторида гуманитар ёрдамни ташқи ташкилотлар орқали қандай тарқатишни ўрганмоқда. У бунга сабаб сифатида ҲАМАС маҳаллий ташкилотлар орқали ёрдам тарқатишга уринишда муваффақиятсизликка учраганини келтирган. Унинг таъкидлашича, ушбу мақсадга мос хусусий компаниялар ҳам ўрганилмоқда.
“Исроил тарафдан Ғазо сектори аҳолисининг анклавни тарк этиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, лекин дунёда уларни қабул қилишга тайёр давлатлар йўқ", деган Нетаньяху.
Қайд этиш жоизки, 2023 йилда Ғазо секторида уруш бошланган даврда ҳам Исроил анклав аҳолисини бошқа давлатларга, хусусан, Мисрга кўчиришга уринганди. Лекин Миср бунга қаршилик қилди. Бунга сабаб сифатида Исроил аслида Ғазони босиб олишни ва у ерда яҳудий манзилгоҳларини қуришни мақсад қилгани, уйини тарк этган ғазоликларни эса ортга қайтишига йўл қўймасликни режа қилгани кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 март куни АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан гаплашиб, Рафаҳдаги вазият ва Ғазога ёрдамни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси