Непалдаги даҳшатли фожиа сабаби маълум бўлди
Олам
−
16:29 4534 2 дақиқа
World Weather Attribution (WWA) тадқиқотчилар гуруҳи жорий йилнинг август ойида Непал ва Тибетда вайронгарчиликларга олиб келган музлик кўчишига иқлим ўзгариши сабаб бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Олимларнинг маълумотларига кўра, минтақада ҳароратнинг шиддат билан кўтарилиши Ҳимолай тоғларидаги музликларнинг эришига олиб келган.
Тадқиқотда қайд этилишича, жорий йилнинг август ойида Ҳимолай минтақасидаги ўртача ҳарорат меъёрдан тахминан 5 даража Цельсийга юқори бўлган. Ўртача ҳароратнинг 1,5 даражага ошиши айнан иқлим ўзгариши оқибатида юз берган. Ўтган йилнинг октябрь ва ноябрь ойларидаги кўп қор ёғиши ҳам эриган сув ҳажмининг ортишига олиб келган.
2000 йилдан бери минтақадаги музликлар йилига тахминан ярим метрдан пасайиб бормоқда, бу эса тоғ жинсларига тушадиган босим ва юкламанинг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Абадий музликларнинг эриши, шунингдек, қоя деворини заифлаштирган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 август куни Лангтанг-Лирунг тоғида музлик ўпирилиши юз берганди. Музнинг бир қисми Лхенде-Кхола дарёси дарасига қулаб, дарё ўзанининг тўсилиб қолишига олиб келди. Каскад эффекти сабабли яна учта дарё зарар кўрди. Вужудга келган лойқа тошқинлари Непалнинг олтита ҳудудида ва Хитойнинг Тибет мухтор тармоғида вайронгарчиликларни келтириб чиқарди. 15 сентябрь ҳолатига кўра, фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони деярли 1,4 минг кишига етди.
Live
Барчаси