Непалда 70 га яқин киши бўлган 2 автобус дарёда оқиб кетди
Олам
−
12 Июль
4488Бугун, 12 июль куни тунда Непалда содир бўлган кучли кўчки оқибатида ичида йўловчилари бўлган иккита автобус дарёга тушиб, оқиб кетди. Бу ҳақда “The Kathmandu Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, Мадандан Ашрит шаҳри томон ҳаракатланаётган автобуслар эрталаб соат 3:30 да Тришули дарёсига тушиб кетган. Автобусларда жами 66 киши бўлган.
Маълумотларга кўра, автобуслардан бирида 24 киши, бошқасида 42 киши бўлган, аммо ҳайдовчилар йўлда қўшимча йўловчи олган бўлиши ҳам мумкин. Йўловчилар орасида Ҳиндистоннинг етти нафар фуқароси ҳам бўлган.
Қайд этилишича, шу пайтгача уч киши маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳаракати билан дарёдан, ҳалокат жойидан анча узоқдан топилган, улар шифохонага етказилган.
Непал ҳукумати фуқароларни зарур эҳтиёт чораларини кўришга, хусусан, ёғингарчилик тугамагунича узоқ жойларга сафар қилмасликка чақирган.
“Тошқин ва кўчкилар оқибатида ўнлаб йўловчилар ва уларнинг мол-мулки йўқолганидан чуқур қайғудаман. Мен барча хизматларга, жумладан, маҳаллий расмийларга йўловчиларни қидириш ва самарали қутқариш учун зарур бўлган барча чораларни кўришга топшириқ бердим”, дея ёзган Непал Бош вазири Пушпа Камал Дахал ўзининг X саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда кўчки оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси