Немис ҳарбийлари Қрим кўпригига зарба бермоқчими?
Олам
−
02 Март
17655Россия оммавий ахборот воситаларида Германиянинг юқори мартабали ҳарбий хизматчилари ўртасида Қрим кўпригига ҳужум қилиш режалари муҳокама қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Немис офицерлари суҳбатининг ёзуви эълон қилиниши Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) учун "ёқимсиз сюрприз" бўлди. Бу ҳақда “Bild” газетаси хабар берди.
"Бундесвер бу ҳақиқий эканини ҳали расман тасдиқламаган бўлса ҳам, кўп нарса ёзувнинг ҳақиқийлигидан далолат беради", деб ёзади “Bild”.
Манбага кўра, Бундесвер "зарарни камайтиришга уринган" ҳолда мазкур суҳбат ёзувини тарқатган Х аккаунтлари Германияда блокланган. Немис ҳарбийларининг суҳбатини ким ва қандай ёзиб олишга муваффақ бўлгани ҳозирча номаълум.
“Bild”нинг қайд этишича, суҳбат иштирокчиларидан бири Сингапурдаги меҳмонхонада бўлган, шунинг учун у ҳимояланмаган алоқадан фойдаланган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, гап “Russia Today” бош муҳаррири Маргарита Симонян томонидан кеча, 1 март куни VKontakte’да эълон қилинган суҳбат стенограммаси ҳақида кетмоқда. Симоняннинг ёзишича, 19 февраль куни Бундесвер Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг операциялар ва машқлар бўлими бошлиғи Грефе, Бундесвер инспектори Герхарц ва Бундесвер космик қўмондонлиги ҳаво операциялари маркази ходимлари Фенске ва Фроштедте ўртасида TAURUS ракеталари ёрдамида Қрим кўпригига зарба бериш ҳақида суҳбат бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Германия канцлери Олаф Шольц мамлакатининг урушга қўшилиш хавфи сабабли Украинага узоқ масофага учувчи TAURUS қанотли ракеталарининг етказиб берилишини қатъиян рад этганди.
LiveБарчаси