Нега улар Хитойни чиқиштирмайди?
Таҳлил
−
11:25 1596 8 дақиқа
06.07.2018 йил. Айнан шу куни Трамп маъмурияти Хитойдан импорт қилинадиган 34 миллиард долларлик товарларга 25 фоизлик илк божларни кучга киритди. Бу кун тарихда Хитой билан савдо уруши бошланган сана сифатида қолди.
Бир вақтлар эркин бозор, очиқ рақобат ва протекционизмга қарши курашни тарғиб қилиб келган давлатларнинг ўзи энди божларни оширмоқда, субсидиялар ажратмоқда ва айрим хорижий маҳсулотларга турли чекловлар қўймоқда. Энг қизиғи, бу чоралар кўпинча бир давлатни нишонга олган ва бу давлат – Хитой.
Электр автомобилларидан тортиб қуёш панеллари, пўлат, алюминий, яримўтказгичлар ва бошқа кўплаб маҳсулотларгача бўлган соҳаларда Пекин билан савдо тобора сиёсий тус олмоқда. Уларнинг арзонлиги ва сифат жиҳатидан ҳам рақобатбардош эканлиги кўплаб давлатлардаги ишлаб чиқарувчиларни “синдирмоқда”. Айнан шу сабаб ҳам баъзи давлатлар бу арзон товарларни ички бозорда атай қимматлаштиришга тушган.
Хўш, нега дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари Хитой маҳсулотларини бозорга бемалол киришига йўл қўймасликка уринмоқда? Агар Хитой ишлаб чиқараётган маҳсулотлар арзон ва сифат жиҳатидан рақобатбардош бўлса, бозорнинг ўзи ғолибни аниқлаши керак эмасми?
Ушбу мақолада юқоридаги саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Хитой маҳсулотлари нега арзон?
Сўнгги йигирма йил ичида дунё бозорларида “Made in China” ёрлиғини деярли барча маҳсулотларда кўриш мумкин бўлиб қолди. Бугун кўчага чиққанимизда тақаётган кўзойнагимиздан тортиб, оёғимиздаги пайпоққача, қўлимизда турган телефондан миниб юрган машинамизгача, хуллас, кундалик ҳаётимизда ниманики ишлатмайлик, барчасини ишлаб чиқаришда Хитой етакчи. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Хитой бугунги кунда дунё саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 30 фоизини таъминлайди ва бу кўрсаткич АҚШ, Япония ҳамда Германия ишлаб чиқаришини қўшиб ҳисоблаганда ҳам юқори.
Бироқ Ғарб давлатларини ташвиши бошқа. Уларни хавотирга солаётган масала – Хитойнинг кўп маҳсулот ишлаб чиқараётгани эмас, балки уларни деярли барча рақобатчиларидан арзон нархда таклиф қила олаётганидир.
Бунинг ортида фақат арзон ишчи кучи турибди, деган қараш бугун эскирди. Ваҳоланки, бугун хитойликлар ойига сиз-у биздан кўп даромад топса топадики, кам топмаса керак. Дарҳақиқат, 2000-йиллар бошида Хитойнинг устунлиги асосан паст иш ҳақи билан изоҳланган. Аммо бугунги Хитойда саноат ишчисининг ўртача маоши Жануби-Шарқий Осиёдаги кўплаб давлатлардан юқори.
Янги давр шуни кўрсатмоқдаки, бугун энг муҳим омиллардан бири – давлатнинг иқтисодиётдаги фаол иштироки. Яъни мамлакатда бозор механизмлари ишлайди, бироқ стратегик тармоқлар устидан давлат назорати сақланиб қолган. Пекин электромобиллар, батареялар, қуёш панеллари, яримўтказгичлар, кемасозлик ва бошқа устувор соҳаларга улкан субсидиялар ажратади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йигирма йилда Хитой компанияларининг глобал бозор улушини оширишдаги ўсишнинг қарийб 60 фоизи давлат субсидиялари билан изоҳланади. Айрим йирик ишлаб чиқарувчилар эса хориждаги рақобатчиларига нисбатан 3–8 баробар кўпроқ давлат ёрдамини олади.
Бундай ёрдам фақат бевосита пул ажратиш билан чекланмайди. Давлат банклари паст фоизли кредит беради, маҳаллий ҳукуматлар ер майдонларини имтиёзли нархда ажратади, электр энергияси ва логистика харажатлари қўллаб-қувватланади. Натижада корхоналар ишлаб чиқариш таннархини кескин пасайтиришга муваффақ бўлади.
Иккинчи муҳим омил – ишлаб чиқаришнинг улкан миқёси. Хитойда битта саноат кластерида юзлаб, баъзан минглаб етказиб берувчилар фаолият юритади. Масалан, Шэньчжэнь шаҳри электроника саноатининг глобал марказига айланган бўлса, Чжэцзян ва Гуандун вилоятларида минглаб эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчилари бир-биридан бир неча километр масофада жойлашган. Натижада логистика харажатлари камаяди, ишлаб чиқариш тезлашади ва “масштаб иқтисодиёти” (economies of scale) туфайли маҳсулот таннархи янада пасаяди.
Яна бир омил – экспортга йўналтирилган иқтисодий модель. Хитой ички истеъмолдан кўра, ишлаб чиқариш ва экспортни устувор йўналиш сифатида танлаган. Бу эса корхоналарни жуда катта ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқаришга ундайди. Корхона миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарганда битта маҳсулотга тўғри келадиган доимий харажатлар кескин камаяди. Шу сабабли Хитой компаниялари баъзан жуда паст фойда маржаси билан ҳам ишлашга тайёр бўлади. Муҳими – глобал бозор улушини эгаллаш.
Аммо айнан шу модель бугунги баҳсларнинг марказида турибди. Ғарб иқтисодчилари буни “ортиқча ишлаб чиқариш” деб атайди. Яъни ички талабдан анча кўп маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ортиқча ҳажм ташқи бозорларга чиқарилади. Натижада нархлар пасаяди ва бошқа давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар рақобат қилишда қийналади.
Капиталистик иқтисодиётларда эса вазият бошқача. АҚШ ёки Европадаги компаниялар инвесторлар олдида даромадлиликни таъминлаши керак. Давлатнинг иқтисодиётга бевосита аралашуви анча чекланган, субсидиялар эса қатъий қоидалар асосида берилади. Бундан ташқари, иш ҳақи юқори, экологик талаблар қаттиқ, меҳнат хавфсизлиги стандартлари ва солиқлар ҳам сезиларли даражада кўп. Масалан, Германия ёки Францияда завод қуриш ва уни юритиш қиймати Хитойдагидан бир неча баробар қимматга тушиши мумкин. Шу боис бир хил маҳсулотни бир хил нархда сотиш кўпинча иқтисодий жиҳатдан имконсиз бўлиб қолади.
Айниқса, электромобиллар бунга яққол мисол бўлди. Хитой компаниялари сўнгги йилларда BYD, SAIC ва Geely каби брендлар орқали глобал бозорда кескин ўсишга эришди. Европа комиссияси ўтказган текширувлар айрим ишлаб чиқарувчилар давлат субсидияларидан фойдаланаётгани ҳақидаги хулосага келгач, Хитой электромобилларига қўшимча божлар жорий этиш ташаббусини илгари сурди. АҚШ эса айрим Хитой электромобилларига 100 фоизлик тариф қўллашгача борди. Бунинг сабаби фақат сиёсий қарама-қаршилик эмас, балки маҳаллий саноатни сақлаб қолиш истаги деб изоҳланди.
Шу нуқтада аниқ тўхтамга келиш ҳам қийин: бу протекционизмми ёки заруратми? Ғарбнинг либералист давлатлари бозор ғолибни ўзи танлашини айтади. Аммо агар бир томонда давлат томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ишлаб чиқарувчилар, иккинчи томонда эса бозор қонунлари асосида ишлаётган компаниялар турса, рақобатнинг ўзи ҳам тенг шароитда кечмайди. Шу сабабли АҚШ ва Европадаги кўплаб сиёсатчилар божларни эркин савдодан воз кечиш эмас, балки “ўйин қоидаларини тенглаштириш” воситаси сифатида талқин қилади.
АҚШнинг янги божлари Хитой учунми?
Жориий йилнинг 24 июлидан бошлаб АҚШ томонидан илгари сурилган янги савдо чораларининг асл тубида савдо урушининг иккинчи босқичи турибди. 60 дан ортиқ савдо ҳамкорини 10 ва 12,5 фоизлик божлар билан “сийлаган” Трамп, бу гал “Tariff Act” ҳужжатининг 338-моддасидан ҳуқуқий асос сифатида фойдаланмоқда. Янги ёндашувнинг асосий мақсади нафақат Хитойдаги мажбурий меҳнат маҳсули бўлган товарларнинг Америка бозорига киришини чеклаш, балки бундай маҳсулотларнинг ўз ҳудудларига киришига етарлича тўсқинлик қила олмаётган давлатларга нисбатан ҳам босимни кучайтиришдан иборат.
АҚШ Савдо ваколатхонасининг ҳисоботига кўра, глобал мажбурий меҳнат билан боғлиқ таъминот занжирининг марказида Хитой, хусусан Шинжон-Уйғур мухтор тумани турибди. Мазкур ҳудуд дунёдаги энг муҳим хомашё базаларидан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга қараганда, Хитойда етиштириладиган пахтанинг 92,8 фоизи айнан ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, ҳудуд помидор ва қуёш панеллари учун зарур бўлган поликремний ишлаб чиқариш бўйича ҳам стратегик аҳамият касб этади.
Энг эътиборлиси, поликремнийнинг 93,2 фоизи дунё бўйича айнан Хитойда ишлаб чиқарилади. АҚШ Савдо ваколатхонасининг ҳисоботида қайд этилишича, Хитойда ишлаб чиқариладиган қуёш плиталари, инготлари, фотоэлементлари ва модулларининг сезиларли қисми мажбурий меҳнат маҳсули бўлиши мумкин бўлган поликремний асосида тайёрланган. Шу сабабли мазкур маҳсулотларнинг келиб чиқиши халқаро савдода тобора муҳим масалага айланмоқда.
АҚШ бу борада 2021 йилда қабул қилинган “Уйғур мажбурий меҳнатчилигининг олдини олиш тўғрисидаги қонун”га (UFLPA) таянмоқда. Мазкур қонунга кўра, Шинжондан келган ҳар қандай маҳсулот аксини исботловчи далиллар тақдим этилмагунча мажбурий меҳнат маҳсули деб ҳисобланади ва АҚШ ҳудудига киритилмайди. Мутахассислар бу тизимни дунёдаги энг қатъий импорт назорати механизмларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, муаммо фақат АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатлари билан чекланмайди. АҚШ Савдо ваколатхонасининг маълумотларига кўра, 2021–2025 йиллар давомида текширилган иқтисодиётларнинг деярли барчаси Хитойдан пахта импорт қилган. Бу эса Шинжонда ишлаб чиқарилган хомашё глобал таъминот занжирига чуқур кириб борганини англатади. Натижада Канада, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларга етиб бораётган тайёр маҳсулотларда ҳам ушбу хомашё учраши мумкин.
Хитой ҳукумати эса божларни асоссиз деб таъкидлаб, АҚШ улардан воз кечиши кераклигини билдирмоқда.
“Хитой мажбурий меҳнатга доимий равишда қаршилик кўрсатиб келмоқда ва мажбурий меҳнат амалиётларининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш учун меҳнат қонунлари ва қоидаларининг кенг қамровли тизимини яратди. Аксинча, АҚШ нафақат 1930 йилги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилмади, балки узоқ вақтдан бери “мажбурий меҳнат” масаласини манипуляция қилиб келмоқда”, – дейилади Хитой Савдо вазирлиги баёнотида.
Аммо АҚШ иттифоқчиларига нисбатан ҳам талабларни кучайтиришда давом этмоқда. Канада ва Европа Иттифоқида ҳам мажбурий меҳнат маҳсулотларига қарши қонунчилик мавжуд бўлса-да, АҚШ уларнинг амалий ижроси ўзларидаги каби қатъий эмаслигини таъкидламоқда. Вашингтондаги айрим қонунчилар эса буни АҚШ тақиқларини четлаб ўтиш деб атамоқда. Уларнинг фикрича, Шинжонга алоқадор маҳсулотлар Канада ёки Мексика орқали қайта экспорт қилиниб, охир-оқибат АҚШ бозорига кириб келиши мумкин. Шу боис, сенаторлар ушбу давлатларни ўз қонунчилигини АҚШ стандартларига яқинлаштиришга чақирмоқда.
Шу билан бирга, ҳисобот Хитой билан чекланмайди. Унда Малавидан тамаки, Бразилиядан мол гўшти ҳамда Мьянмадан гуруч каби маҳсулотлар ҳам мажбурий меҳнат хавфи юқори бўлган таъминот занжирлари сифатида қайд этилган. Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ILO), Human Rights Watch ва бошқа ташкилотлар эса Конго Демократик Республикасида кобальт қазиб олиш, Малайзияда пальма ёғи ва резина қўлқоп ишлаб чиқариш, Таиландда эса денгиз маҳсулотлари саноатини ҳам хавфли йўналишлар қаторига киритади.
Бир томондан, янги жорий этилаётган божлар узоқ йиллик қадрият бўлган эркин бозор тамойилларига буткул зид. Машҳур файласуф ва иқтисодчи Адам Смитнинг “кўринмас қўл” назариясига асосан бозор ўзини ўзи бошқариши керак эди. Аммо Хитойнинг стратегияси шуни кўрсатмоқдаки, бугун сиёсий аралашувларсиз “ўйин қоидаларини тенглаштириш” қийин. Шу боис, Вашингтон бу каби чекловларни эркин савдодан воз кечиш эмас, балки давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган ишлаб чиқарувчилар билан хусусий компаниялар ўртасида рақобат шароитини барқарорлаштириш воситаси сифатида кўрмоқда.
Live
Барчаси