Нега қизамиққа чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда?
Саломатлик
−
27 Апрель 2023
6208Дунё бўйлаб пандемия оқибатида тиббиёт муассасаларининг ҳаддан зиёд босим билан ишлагани туфайли болалар юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмланмай қолиб кетди. Натижада эса кўпчилик дунё болалари орасида қизамиқ касаллиги кузатилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, 2021 йилда жаҳон бўйича 40 миллион ўғил-қиз қизамиқнинг олдини олишга қаратилган режали вакцинациядан четда қолган. 25 миллион бола биринчи дозада, 14,7 миллион нафари эса иккинчи дозада эмланмаган.
Шу жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси рўйхатига кирувчи давлатлардан 17 тасида 2023 йил бошидан қизамиққа чалиниш кўрсаткичлари ўса бошлаган. Жумладан, февраль ойи сўнгига келиб, 900 та шундай ҳолат рўйхатга олинган ва бу 2022 йилдагига нисбатан сезиларли даражада юқори.
Шунингдек, ўтган йили қизамиққа чалинган энг кўп беморлар Тожикистон (610 нафар), Туркия (466 нафар) ва Россия (414 нафар)да қайд этилди. Австрия, Сербия, Буюк Британияда эса жорий йил бошидан касалланишлар сони кўпаймоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда ЖССТ кўмагида апрель ойи охирида дунё бўйлаб жаҳон иммунизация ҳафталиги ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Атирау вилоятида уч нафар мактаб ўқувчиси қизамиқ билан касалланиши оқибатида бемор болалар ўқийдиган синфлар онлайн ўқитишга ўтказилганди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси