Назарбоевнинг яна бир жияни иши бўйича суд куни белгиланди
Олам
−
21 Март
7086Қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Сатибалдига қарши иш бўйича асосий суд жараёни 1 апрелга белгиланди. Бу ҳақда Остона туманлараро жиноят ишлари бўйича суди маълум қилди.
Январь ойида Коррупцияга қарши кураш хизматининг расмий вакили Арман Тлеукенов Қайрат Сатибалдига нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича судгача бўлган тергов якунлангани ҳақида хабар берган эди.
“Қайрат Сатибалди турли кўчмас мулкларни, жумладан, хорижда ҳам уларни сотиб олиб, банк ҳисоб рақамларига пул жойлаштирган. Бу иш судда”, дейди Тлеукенов кеча, 20 март куни бўлиб ўтган брифингда.
Брифингдан сўнг, у 2022 йил бошидан буён Коррупцияга қарши кураш хизмати 912 миллиард тенгелик активларни қайтарганини, шундан Сатибалдининг жиноий ишлари бўйича 650 миллиард тенгени қайтарилганига аниқлик киритган.
Маълумот учун, Қайрат Сатибалди Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни ҳисобланади.
У 2022 йил 26 сентябрда “Казактелеком” АЖ ва “ЦТС” АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғрилик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шунингдек, унга 10 йил давомида давлат ташкилотларидаги юқори лавозимларда ишлаш тақиқланган.
Сатибалди ва жиноят иши бўйича бошқа айбланувчилар жабрланувчи билан воситачилик келишуви тузиб, айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни (жами 500 миллион доллардан ортиқ) қоплаган. Тадбиркор назоратидаги фирмалар “Казактелеком”нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган.
Аввалроқ Қайрат Сатибалди шартли равишда озодликка чиқиш учун ариза берганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Республикасининг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг яна бир жияни, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш 8 йилга шартли озодликдан маҳрум этилганди.