Назарбоевнинг яна бир мақоми олиб қўйилди

Олам

image

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев бугун, 29 июнь куни Сенат депутатлари ялпи мажлисида яна бир мақомидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда NUR.KZ сайти хабар берди.

Мажлисда депутатлар президентни унинг номидаги мактаблар, университетлар ва жамғармалар Олий кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади.

Сенатор Талгат Жунусовга кўра, бу қонун "Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига касбий малака, давлат мукофотлари, ижтимоий таъминот ва таълим масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда белгиланган нормага асосланади. 

Қонунга кўра, “Назарбоев университети”, “Назарбоев интеллектуал мактаблари” ва “Назарбоев жамғармаси” тўғрисидаги қонунга қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ўзининг биринчи қарорини чиқарди, унга кўра Қозоғистон Республикасининг “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонуни ўз кучини йўқотган деб топилди. Кўп ўтмай “Назарбоевни алоҳида мақомдан маҳрум этиш тўғрисида”ги қарор парламент томонидан маъқулланди, кейинроқ эса бу қонун президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди. Февраль ойи охирида Молия вазирлиги Нурсултон Назарбоевнинг идорасини молиялаштириш босқичма-босқич қисқартирилишини айтган эди. Март ойи бошида эса Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков бу йил собиқ президент идорасини молиялаштириш 130 миллион тенгега қисқаришини айтди.

Севара Ҳусниддинова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Нурсултон Назарбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг