Назарбоев ва Каримов нимани бўлиша олмаган? АҚШнинг собиқ элчиси Биринчи Президентлар алоқаларини хотирлади
Бу қизиқ
−
24 Июнь
498812011-2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги, 2015-2018 йилларда эса Қозоғистондаги элчиси лавозимида ишлаган Жорж Крол ўз хотираларида Марказий Осиёнинг икки яловбардори Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари ўртасидаги кескинлик ҳақида баён қилди.
Крол бу борадаги келишмовчиликларни айрим учрашувлар ва уларда янграган қочириқлар орқали тасвирлашга ҳаракат қилади. Шулардан бири, ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўртасидаги учрашув суҳбатидир.
“Давлат котиби Клинтон билан эсда қоларли бир учрашувда у Каримовдан Марказий Осиё минтақаси етакчиси бўлиш учун ўз таъсиридан фойдаланишни ўйлаб кўришни сўраганини эслайман. Каримов одатига кўра биллур стаканда бир даста қалам билан ўйнаб, табассум қилди ва Давлат котибига шундай таклиф билан хушомад қилгани учун миннатдорлик билдирди. Сўнгра “Улар ўзларининг худбинликлари туфайли менинг айтганларимга ҳеч қачон қулоқ солмайди. Бундан ташқари, менинг устуворлигим – Ўзбекистон, бошқа давлат эмас", деди. Кейин у Черчилга тегишли севимли ибораларидан бирини ишлатиб, "Халқларнинг дўстлари йўқ, фақат манфаатлари бор", деди.
Котибга қараб, сўнг менга ёнбошлаб қараб, у чинакам Каримовча услубда ўз маслаҳатини берди: “Агар кимдир Марказий Осиёга раҳбар бўлишини истасангиз, буни дўстингиз Назарбоевдан сўранг. У ўзгалар уни лидер деб аташини жуда ЯХШИ КЎРАДИ”, деб ёзади собиқ элчи.
Элчининг сўзларига кўра, Каримов Назарбоевдан доимий нафратланиб келган. Ўртадаги душманликнинг асосий сабаби эса “яширин рақобат” бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси қозоғистонлик мавқедошининг мамлакатдаги табиий бойликларни дунё эътиборини тортиш ва юзаки жозиба яратиш йўлида кўкка совураётганини доимий танқид остига олиб келган. Бундан ташқари, Жорж Крол Каримов Назарбоевдан ақллироқ ва ундан анча зукко эканлигини ич-ичидан ҳис қилганини ёзади. Аммо шундай бўлишига қарамай, дунё уни Назарбоев билан “алмаштиргани” Каримов учун ҳазм қилиб бўлмас воқелик эди.
Собиқ элчининг ёзишича, Назарбоев ҳам Каримовни жиддий тарзда танқид қилган.
“Хусусан, у ўзининг наздида Ислом Каримовдан кўп масалаларда бир поғона устунлигини даъво қилган. Элчига кўра, Назарбоев ўзини Горбачёв каби совет сиёсий арбобларига яқин эканини даъво қилган, Каримов эса йўқ. Назарбоев чет эл раҳбарлари билан қандай муомала қилишни биларди, Каримов эса йўқ. Назарбоев одамлар орасида ўзини қулай ҳис қилади, халқ билан қўл бериб кўришади ва ҳазиллашди, Каримов эса йўқ”, дейди Кларк.
Қисқа қилиб айтганда, сиртдан унчалик билинмаган бўлса-да, Назарбоев ва Каримов билан жуда яқин алоқада бўлган собиқ элчи Кларк, бу икки феномен ўртасидаги жуда совуқ муносабатларни шу каби кичик тўқнашувлар ва қочириқлар орқали ўз хотираларида очиб беришга ҳаракат қилган.
LiveБарчаси