Назарбоев Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида ЕОИИни кучайтиришни таклиф қилди 

Олам 6068
image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 19 август куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан Нур-Султонда ўтказилган учрашувда айтиб ўтган.  

“Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоларини кўпайтириш орқали кучайтирилиши керак. Ўзбекистон ва Тожикистон. Улар ЕОИИда бўлиши керак. Биз туркманлар билан ҳам ишлашимиз керак, мен буни доим айтганман”, деган Назарбоев. 

Бундан ташқари, музокаралар чоғида Назарбоев Россия Бош вазирига ҳарбий-саноат мажмуасида қўшма корхоналар тузишни, шунингдек, Ғарб санкциялари шароитида Москва билан саноат ҳамкорлигини ривожлантиришни таклиф қилган. 

ЕОИИ – Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон негизида тузилган ва 2015 йил 1 январдан фаолият юритаётган халқаро иқтисодий интеграция бирлашмаси. Ҳозирда ЕОИИга Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. 

Маълумот ўрнида, Евроосиё тараққиёт банки таҳлилчилари Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши мамлакатга 1 миллиард доллардан 1,5 миллиард долларгача инфратузилма сармоясини жалб қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Бу, шунингдек Республиканинг ЕОИИ мамлакатларига экспортига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши айтилган. Ўтган йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларига экспорти 3 миллиард долларни ташкил этган.

Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойидан бошлаб ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган. 

Аввалроқ, жорий йил 19-20 август кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги саммити ўтказилиши ва унда Ўзбекистон Бош вазири Aбдулла Aрипов кузатувчи сифатида қатнашиши ҳақида хабар бергандик. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 231
Рейтинг: 3
t
×