Назарбоев шоҳона кутубхонасидан ҳам айрилди
Олам
−
24 Октябрь 2023
12096Остонада Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти кутубхонаси, Нурсултон Назарбоевнинг иш қароргоҳи негизида президентлик маркази ташкил этилди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Янги тузилма “мустақил Қозоғистон раҳбарларининг тарихий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш” билан шуғулланади. Унга Назарбоевнинг шахсий архиви ва шахсий кутубхонаси материаллари, шунингдек, илгари биринчи президент кутубхонасида сақланаётган музей экспонатлари топширилган. Вақт ўтиши билан амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг “тарихий ва маданий қадриятга эга” шахсий ҳужжатлари ва буюмлари янги марказга ўтказилади. Келгусида улар бу ерда Қозоғистоннинг кейинги президентларидан тегишли материалларни тўплашмоқчи.
“Шу билан бирга, марказ фаолияти фақат музей ва кутубхона функциялари билан чекланиб қолмайди. Бу Қозоғистон жамиятини ташвишга солаётган энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун етакчи эксперт майдонига айланиши кўзда тутилган”, дея таъкидлади президент маъмурияти.
Янги марказ ҳамма учун очиқ ва кириш бепул бўлади.
Маълумот ўрнида, Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев 2019 йил баҳорида истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг Оқ Ўрда қароргоҳидан Кутубхона биносига кўчиб ўтган эди. У ерда биринчи президент девони ҳам фаолият юритган.
2022 йил январдаги тартибсизликлардан кейин Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги иштирокини деярли тўхтатди.
2023 йил бошида Назарбоев кафолат ва имтиёзлардан, шунингдек, барча фахрий мақомлардан, жумладан, Элбаси (миллат етакчиси) мақомларидан ҳам маҳрум этилди. Унинг бир қатор оила аъзолари ва унга яқин кишилар жиноий жавобгарликка тортилди, бошқалари давлат лавозимидан айрилди.
2019 йилда Назарбоев шарафига Нур-Султон деб аталган мамлакат пойтахти аввалги номи – Остонага қайтди.