Назарбоев салтанатига якун ёхуд “қонли январ”дан қолган доғлар
Таҳлил
−
07 Январь 2023
196412022 йил 1 январидан Қозоғистонда газ тарифларининг кўтарилиши ортидан аҳоли ўртасида турли даражадаги норозиликлар бошланди ва тобора кучая борди. Воқеалар шу даражага етдики, якунда ушбу ҳаракатлар рангли инқилоб, давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳоланди. Постсовет мамлакатлари ҳисоланмиш Марказий Осиё давлатларида бундай ҳолатлар янгилик ҳисобланмайди, 1992-97 йилларда Тожикистондаги фуқаролар уруши, 2005 йилда Қирғизистонда содир бўлган “Лола инқилоби” ва Ўзбекистонда юз берган “Андижон воқеалари” каби ҳодисалар минтақадаги барқарорлик ҳавас қиларли даражада эмаслигини кўрсатади. Бироқ, ижтимоий-сиёсий ҳаёти нисбатан барқарор деб қараладиган Қозоғистонда бундай кўламдаги норозилик ҳаракатларининг содир этилиши жамоатчиликни ҳайратсиз қолдирмади. Қуйида айнан ушбу ҳодисанинг энг муҳим воқеаларини кўриб чиқамиз.
“Қонли январь” дебочаси
Норозилик ҳаракатлари дастлаб 2 январь куни юз берди, шу куни Жанаозен шаҳридаги автомобиль эгалари газ қуйиш шохобчаларида газ нархининг икки баробарга, 60 тенгедан 120 тенгега кўтарилиши ортидан оммавий митингга чиқди. Кўчага чиққан аҳоли ўз норозилигини билдириш мақсадида йўлларни тўсиб қўя бошлади. Кейинроқ уларга нефтчилар ҳам қўшилди. Намойишлар Атирау, Олма-Ота, Нур-Султон, Қарағанда, Уралск, Талдиқўрғон, Қизилўрда ва Чимкент шаҳарларида ҳам рўй берди, 4 январь куни эса бутун республика ҳудудлари бўйлаб ёйилди.
4 январдан бошлаб намойишчилар Олмаота шаҳрида оммавий тартибсизлик бошлади. Улар полиция автомобилларига ўт қўйди, давлат идоралари биноларига зарар етказди ва морадёрлик кабиларни содир этди. Шаҳар маъмурияти назоратни йўқотди, намойишга чиққанлар “Олға, Қозоғистон!”, “Чол, кет!” каби ҳайқириқлар билан ҳаракат қила бошлади. Кечга бориб шаҳарга ҳарбий техникалар кириши ҳақида хабарлар тарқалди, мобил интернет ўчириб қўйилди. Шу куни пойтахт Нур-Султонда ҳам намойишлар авжига чиқди, полиция юзлаб намойишчиларни қўлга олди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев шу кунги видеомурожаатида “ҳокимият қуламаслиги”ни маълум қилди.
5 январь кунининг биринчи ярмида айрим ҳудудларда – Манғистау, Олмаота вилоятлари ва Нур-Султон шаҳрида, кечга бориб эса барча ҳудудларда 2 ҳафталик фавқулодда ҳолат эълон қилинди. “Казахтелеком” бутун республика бўйлаб интернетни узиб қўйди, оқибатда нақд пул ечиш учун банкоматлар олдида оммавий навбатлар юзага кела бошлади. Асосий тартибсизликлар содир бўлаётган Олмаота шаҳрида 3000 га яқин намойишчилар ҳокимият биносини эгаллаб олди. Кейинроқ президентнинг шаҳардаги резиденцияси, кечга бориб эса аэропорт ҳам намойишчилар томонидан ишғол қилинди. Шу куни Қозоғистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов ўз лавозимидан бўшатилди, кейинроқ эса давлат тўнтаришига алоқадорликда айбланиб, қамоққа олинди.
Тартибсизликлар кучайган сари намойишчиларнинг талаби ҳам қатъийлашиб, кўпайиб борди. Вазиятдан келиб чиқиб ҳукумат аҳоли фойдасига турли иқтисодий имтиёз ва енгилликлар жорий этса-да (бу пайтга келиб газнинг бир литри учун нарх 120 тенгедан 50 тенгегача туширилганди), намойишчилар ҳаракатдан тўхтамади, энди улар сиёсий ўзгаришларни талаб қила бошлади. Асосий талаблар биринчи Президент, Элбоши – Нурсултон Назарбоев ва унинг қариндошларининг ҳокимиятдан узоқлаштирилиши билан боғлиқ эди. Президент Тўқаев Давлат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаб турган Назарбоевни истеъфога чиқарди ва ундан қолган ваколатларни ўз зиммасига олди. Собиқ президентнинг ушбу лавозимда умрбод қолиши кутилаётган эди.
Бунинг ортидан Назарбоевнинг мамлакатни тарк этишни режалаштиргани ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади. Олмаота вилояти Толдиқўрғон шаҳрида Назарбоевга ўрнатилган ҳайкал намойишчилар томонидан ағдариб ташланди. Кейинчалик раҳбарият томонидан ҳам аста-секин Назарбоев ва унинг қариндошларини “кучсизлантириш” ишлари давом этди.
Авж палла ва КХШТ
5 январь куни кечга бориб Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, янаям тўғрироқ айтсак, Путиндан мамлакат ичида тинчлик ўрнатишда ҳарбий ёрдам сўради, ижобий мазмундаги жавоб ҳам тезда қайтарилди. КХШТ кенгаши 6 январга ўтар кечаси тинчликпарвар кучларнинг Қозоғистонга юборилишига розилик билдирди. Бу қарор ортидан бир қатор сиёсий фаолларнинг Россиянинг Қозоғистон ички ишларига аралашувига нисбатан норозилиги вужудга келди, ҳатто Бишкекда шу норозоликни ифодалаш ҳамда Қирғизистон аскарларини Қозоғистонга юборишга қарши акция ҳам ўтказилди.
6 январь куни ҳам асосий воқеалар Олмаота шаҳрида юз берди. Тунда намойишчилар шаҳар маъмурияти биноларига ҳужумлар уюштирди, жумладан 7 январга ўтар кечаси қуролланган шахслар Қозоғистон Чегара хизмати академиясига ҳужум қилди. Хавфсизлик кучлари тартибсизлик иштирокчилари ўртасида қаттиқ тўқнашувлар юз берди, тонгда намойишчилар томонида ўнлаб иштирокчилар ҳалок бўлгани, хавфсизлик ташкилотлари эса 13 нафар ходимини йўқотгани ҳақида хабар берилди. Куннинг иккинчи яримида шаҳар бўйлаб икки мингга яқин намойишчи қўлга олинди.
7 январь тонгги йиғилишда Тўқаев бутун мамлакат бўйлаб тартиб ўрнатиш бошланишини эълон қилди. Президент шуни ҳам қўшимча қилдики, “тозалаш” ишлари жангарилар битта ҳам қолдирмай йўқ қилингунигача давом этади. Олмаота шаҳрида халқ “дружиначилари” тузила бошланди, Тўқаев шу кунги ҳисоботида Олмаота шаҳрига йигирма мингга яқин “террорчи” бостириб кирганини хабар қилди. Франциядаги сиёсий қочқин, “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракати етакчиси Мухтор Аблязов “Reuters”га берган интервьюсида ўзини мамлакатдаги оппозиционистлар етакчиси, деб ҳисоблашини айтди, шунингдек, Ғарбни Россиянинг вазиятдан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишига қаршилик кўрсатишга чақирди.
8 январь куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги норозилик намойишлари вақтида 4266 нафар шахс ҳибсга олингани, улар ичида чет эл фуқаролари ҳам борлигини маълум қилди. Ушбу кундан бошлаб намойишлар фонида Германия Қозоғистонга қуроллар экспортини тўхтатди. Бундан ташқари, шу куни Президент Тўқаев 10 январни миллий мотам куни деб эълон қилди.
9 январь куни қозоқ миллий телеканали ҳисобланмиш “Қазақстан” каналида намойишларда қатнашган шахсларга 90 минг тенгедан пул ваъда қилган шахснинг қўлга олингани хабар қилинди, кейинчалик ушбу шахс таниқли қирғиз мусиқачиси Викрам Рузахунов эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат ҳам жамоатчиликнинг, ҳам қўшни Қирғизистоннинг кескин норозилигига сабаб бўлди, бунинг оқибатида эса эртаси куни мусиқачи озод қилинди.
10 январь кунги асосий воқеа шуки, КХШТнинг ваъда қилинган ёрдами етиб келди. 2030 нафар аъзодан иборат ҳарбий кучларнинг 1480 нафари Россия томонидан, 200 нафари Тожикистондан, Беларусь ва Арманистон томонларидан 100 нафардан, Қирғизистондан эса 150 нафар аскар жўнатилди.
Сўнгги кунлар
13 январь куни Нур-Султон, Оқтўбе, Чимкент ва бошқа кўплаб шаҳарларда террористик хавфнинг “қизил” даражаси бекор қилинди, Олмаота шаҳри, Олмаота ва Жамбил вилоятларида эса сақлаб қолинди. Ушбу кунда шунингдек, КХШТнинг Қозоғистондаги операциялари якунлангани эълон қилингани муносабати билан ҳарбий кучлар Олмаота аэропорти орқали ортга қайтди.
15 январь ҳолатига кўра, ярадорлар сони 4353 нафарга етди, шундан 3393 нафарини хавфсизлик хизмати ходимлари ташкил этди. 238 нафар шахс, шу жумладан 19 нафар полиция ва бошқа ҳарбий ходимлар ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг 10 январдаги ҳисоботида 7939 нафар намойишчилар қўлга олинган. Якунда мамлакат судларида 2048 та иш кўриб чиқилган, булардан 494 таси жиноий ишлар бўлиб, 44 таси террорчилик акти, 34 таси оммавий тартибсизлик ва 15 тамт одам ўлдирилиши билан боғлиқ.
Мамлакатдаги хусусий бизнесга етказилган зарар 14 январь ҳолатига кўра $218 млнни ташкил этди, шундан $213 млни Олмаота шаҳрига тўғри келди. Бироқ Тўқаевнинг Еврокенгаш вакили Шарль Мишель билан суҳбатида умумий зарар 2-3 млрд АҚШ долларигача етиши мумкинлиги маълум қилинди.
Назарбоевлар ва уларнинг тарафдорларига “ҳужум”
Тўнтариш сифатида баҳоланган ушбу ҳаракатларнинг таъсири кутилганданда ортиқ бўлди. Фақатгина биринчи Президент Нурсултон Назарбоев билан боғлиқ бўлган бир қанча давлат миқиёсидаги масалалар қайта кўриб чиқилди. Вақт ўтиб унинг Элбоши мақоми бекор қилинди, пойтахт номи Нур-Султондан Остонага қайта ўзгартирилди, давлат байрами сифатида нишонланадиган Назарбоев куни ҳам календардан ўчирилди.
Бундан ташқари, биринчи президент билан қариндошлиги бор бир қанча шахслар истеъфога чиқарилди ёки ҳокимият ва давлат иқтисодиётидан узоқлаштирилди. Жумладан, 15 январь куни Назарбоевнинг куёвлари бўлмиш Димаш Досанов ва Қайрат Шарипбоевларнинг мос равишда ўзлари эгаллаб турган “КазТрансОил” ва “ҚазақГаз”даги бошқарувдаги ваколатлари тугатилди. Яна бир куёв Тимур Қулибоев ҳам 17 январь куни “Атемекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раҳбари лавозимидан четлаштирилди(“Forbes” маълумотларига кўра Тимур ва Динара Қулибоевлар Қозоғистоннинг энг бой кишилари рўйхатига киритилган).
Дастлабки кунларда биринчи президентнинг жияни Самат Абишнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди аммо, бироз ўтиб ушбу хабарлар рад этилди. Сўнгра у 17 январь куни Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимидан истеъфога чиқарилди. Кейинроқ Самат Абиш намойишларда қатнашган радикал жангариларни тайёрлаш билан боғлиқ тергов ишларига гувоҳ сифатида жалб қилинган.
Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, депутатликдан Сенат раисигача кўтарилган, отасининг ҳокимиятдаги вориси сифатида кўриб келинадиган Дариға Назарбоева 25 февралга келиб мамлакат Мажлиси (парламент қуйи палатаси) депутатлигидан кетишини эълон қилди. Шундан сўнг у ҳеч бир лавозимга тайинланмади. Бироқ яқинда маълум бўлишича шу йилнинг 10 январь куни ўтказиладиган парламент сайловларида амалдаги ҳукмрон “Нур-Отан” партиясидан депутатликка номзод сифатида кўрсатилган.
Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзоларига тегишли мулклар намойишлардан сўнг алоҳида мавзуга айланди. Жумладан, Дариға Назарбоеванинг Лондондаги Шерлок Холмс “яшаган” уйларга эгалик қилиши айтилди. Ушбу квартираларнинг умумий қиймати тахминан 140 миллион фунт стерлингга баҳоланган. Бундан ташқари Назарбоевага тегишли бўлган, $100 миллионга баҳоланган иккита ҳашаматли ҳовли ва квартира мусодара қилиниши мумкинлиги ҳам хабар қилинганди. Биринчи Перзидентнинг ҳам ўзига алоқадор фондлар орқали жуда катта маблағларни ўзлаштиргани, мулкларининг умумий қиймати $8 миллиард атрофида эканлиги турли халқаро нашрларда ёзилди. Турли бизнеслар, $189 миллионлик меҳмонхона, $100 миллионлик қимматбаҳо самолёт шулар жумласидан.
Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоевнинг Германияда 100 миллион еврога баҳоланган мулклари борлиги айтилади. Кенжа қиз Алия Назарбоеванинг эса чет элда қиймати 300 миллион доллар атрофидаги мулкларга эгалик қилиши маълум қилинган.
Қозоғистондаги “қонли январь” воқеалари айжига чиққан маҳалда Назарбоев ва унинг оиласи бирдан кўздан ғойиб бўлди. Назарбоев Давлат хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини Тўқаевга топшириш учун видеомурожаат қилганини ҳисобга олмасак, у ўша вақтлар мутлақ сукут сақлади. Кейинроқ, мавжуд ҳокимиятни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтиб чиқди. Бу орада у ҳам, қизлари ҳам аллақачон жуфтакни ростлагани ҳақида гаплар тарқалди. Хусусан, Алия Назарбоеванинг Instagram саҳифасида жойлаштирган постларидаги манзил кўрсатувчи дастур унинг Дубайда эканини тасдиқлаган. Унинг қаердалиги фош бўлгач, Алия хоним ижтимоий тармоқдаги саҳифасини ўчириб юборди.
Назарбоевнинг кўп йиллик қадрдони, МХҚнинг собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан жиноят иши очилгач, унинг мулкларида тинтув ўтказилди. Тинтув давомида Масимовга тегишли, Остона марказидаги меҳмон уйида $17,2 миллион нақд пул, шунингдек, қимматбаҳо соатлар, тилла ёмбилар ва бошқа ноёб буюмлар олиб қўйилган. Бундан ташқари, ундан 11 та қимматбаҳо машиналар ҳам мусодара қилинган. Собиқ раиснинг яқинларидан ҳам $5,1 миллион пул олиб қўйилгани хабар қилинди.
Намойишлар амалдаги Президент обрўсига ҳам жиддий зарар етказди, тартибсизликлар вақтида Тўқаевнинг КХШТга ёрдам сўраб юзлангани ички ва ташқи жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинди. Беларусь Республикасида олдинроқ юз берган воқеалар ва Россиянинг ушбу вазиятдаги фаоллиги ортидан Тўқаевнинг айнан рул бошқаруви Россияда бўлган ташкилотга юзланишини кўпчилик қоралади. Шундай бўлса-да, “январь воқеалари”дан сўнг Қозоғистонда жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, Тўқаевнинг 30 йиллик оилавий салнатини қурган Назарбоевга қарши “уруш” очиши, уни ва оиласини ҳукуматдан буткул четлатиши одамлар кўз ўнгида яна Тўқаевнинг қадрини нисбатан оширди. Сентябрь ойида пойтахтга Остона номи қайтарилди, шу билан бирга президентлик муддатини бир марталик 7 йилга ўзгартириш белгиланди. Давлат мулклари билан боғлиқ масалалар қаттиқ назоратга олинди. Сўнгги 16 йил ичида парламент сайловлари ўз вақтида ўтказилмоқда. 1 сентябрь куни президент ўз мурожаатномасида айрим намойишчилар учун амнистия эълон қилинишини айтиб ўтди, Қозоғистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, ҳуқуқбузарларнинг 1500 нафарига амнистия эълон қилинган.
Бош прокурор Берик Асилов яқинда қонли воқеаларга аввалдан пухта тайёргарлик кўрилгани, шунингдек бу ишни ташкиллаштиришда хавфсизлик ташкилотлари бош бўлганини қайд этди. Ушбу ишга алоқадорликда гумон қилинган ДҲҚнинг собиқ раиси Карим Масимов ва унинг ўринбосари Анвар Содиқулов устидан давлатга хиёнат, ҳокимиятни эгаллашга уриниш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича суд ишлари давом этаётгани ҳам қўшимча қилинди. Бундан ташқари, тартибсизликлар бўйича ўтказилаётган тергов-суриштирув ишларига 11 нафар ўзбекистонлик ҳам жалб этилгани маълум қилинди.
Жавоҳир Эргашев
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15