Назарбоев ноқонуний бойлик орттирган бўлса ҳаммасини давлатга қайтаради – Бош прокуратура
Олам
−
30 Июнь 2023
9166“Ноқонуний йўл билан орттирилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонун Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг атрофидагиларга ҳам тегишли бўлади. Бу ҳақда мамлакат Бош прокурори ўринбосари Улан Байжановга таяниб “Kaztag.kz” хабар берди.
“Қонунда субъектлар учун мезонлар аниқ белгилаб қўйилган. Агар сиз айтган фамилия (Назарбоевлар) бўлса, бу оила аъзолари ушбу мезонларга тўғри келади, албатта, бу қонун уларга нисбатан қўлланилади”, деган Байжанов кеча, 29 июнь куни бўлиб ўтган Сенат мажлисида.
Ундан, шунингдек, устидан суд қарори чиқарилганлар орасида Назарбоевнинг қариндошлари ва олигархлари бор-йўқлиги сўралган.
“Бизда Қайрат Сатибалди (Нурсултон Назарбоевнинг жияни – таҳр.)га нисбатан жиноий иш қўзғатилган, бу ишлар доирасида Қайрат Боранбоевга (Дариға Назарбоеванинг собиқ қудаси, собиқ президентнинг қизи – таҳр.) қарши иш якунланган. Бу ишлар доирасида кўплаб мол-мулк қайтарилган”, деган Бош прокурор ўринбосари.
Байжанов активларни қайтаришда Панама ҳужжатлари ҳам, бошқа манбалардан олинган маълумотлар ҳам ҳисобга олинишига ишонтирган.
Кеча, 29 июнь куни Сенат “Ноқонуний йўл билан олинган активларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ноқонуний йўл билан олинган мулкни давлатга қайтариш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни маъқуллаган эди.
Бундан бироз аввал, 20 июнь куни парламент ва Сенатнинг қўшма мажлисида “Прокуратура тўғрисида”ги Конституциявий қонунга ўзгартиришлар киритилиб, мамлакатдан олиб қўйилган активларни қайтариш механизми тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 29 июнь куни бўлиб ўтган Сенат мажлисида сенаторлар мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни унинг номидаги мактаблар, университетлар ва жамғармалар Олий кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади. Қонунга кўра, “Назарбоев университети”, “Назарбоев интеллектуал мактаблари” ва “Назарбоев жамғармаси” тўғрисидаги қонунга қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Шунингдек, бугун, 30 июнь куни Қизилўрда шаҳар суди катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалдини айблаб, уни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди.
LiveБарчаси