Қозоғистонда ноқонуний орттирилган миллиардлар давлатга қайтарилиши белгиланмоқда
Олам
−
29 Июнь 2023
5788Қозоғистон парламенти Сенати (юқори палатаси) аъзолари “Ноқонуний йўл билан орттирилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.
Қонуннинг асосий мақсади қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган ва олиб қўйилган активларни қидириш, келиб чиқишини тасдиқлаш ва сақланишини таъминлаш, бошқариш, сотиш ва давлатга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўриш билан боғлиқ жамоат муносабатларини тартибга солишдан иборат. Ҳужжатда, хусусан, ушбу масалалар бўйича ваколатли органни ташкил этиш, шунингдек, қайтарилган маблағларни жамғариш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш учун махсус давлат жамғармаси ва бошқарув компаниясини шакллантириш кўзда тутилган.
Парламентнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитасининг хулосасида таъкидланганидек, сўнгги 25 йил ичида Қозоғистон ҳудудидан қонунга зид равишда мулклар ноқонуний олиб қўйилган ва олиб кетилган. Турли экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, белгиланган даврда давлат маблағларини ўғирлаш, коррупция ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш натижасида 140 миллиард доллардан 160 миллиард долларгача бўлган маблағ хорижга олиб чиқиб кетилган.
Қонун Сенат томонидан маъқуллангач, Қозоғистон Президентига имзолаш учун юборилади.
2022 йил июнь ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика фуқаролари томонидан хорижда ноқонуний олиб қўйилган маблағларни қайтариш бўйича идоралараро комиссия тузиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Комиссия фаолияти давомида 760 миллиард тенгедан (1,7 миллиард доллар) ортиқ қийматдаги активлар аллақачон давлат ғазнасига қайтарилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь