Назарбоев Қозоғистон нега Қрим Россияга ўтганини тан олмаганини айтди

Олам

image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев нима учун республика 2014 йилда Қримни Россия ҳудуди деб тан олмаганини айтди. Бунга бошқа ҳудудий можаролар сабаб бўлган. Бу ҳақда Элбоши америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг “Қозоқ. Олтин одам тарихи” номли фильмига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“[Қримда Россия билан бирлашиш бўйича] референдум ўтказилди.Биз Қримни Россия ҳудуди деб тан олмадик, чунки ўшанда мен Жанубий Осетия, Абхазия, Косовони ҳам тан олишим керак эди, Косово ҳам биздан уларни тан олишимизни сўрарди”, деган Назарбоев.

Шу билан бирга, Назарбоев Қозоғистон Украина томонини ҳам қўллаб-қувватламаганини эслатган. 

“Буларнинг барчаси Киевда юз берган давлат тўнтариши туфайли юзага келди. Мен Украинани яхши кўраман, у ерда ўқиганман ва нима бўлаётганидан хавотирдаман”, дейди Элбоши.

Аввалроқ Нурсултон Назарбоев “Қозоқ. Олтин одам тарихи” номли фильм учун берган интервьюсида Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот ўрнида, Қрим 2014 йилда ўтказилган референдум натижасида Россия таркибига кирган. Москва тарқатган маълумотларга кўра, бу қарорни овоз беришда иштирок этган яриморол аҳолисининг 96 фоизи қўллаб-қувватлаган. Украина ва Ғарб давлатларининг аксарияти референдум натижаларини тан олмаган ва Қримнинг аннексиясини эълон қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев

Баҳолаганлар

949

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг