Назарбеков хитойлик вазирдан Ўзбекистонда мусиқа асбобларини ишлаб чиқаришни сўради
Жамият
−
22 Январь
11310Маълумки, жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Президент Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан Хитой пойтахти Пекинда қатор тадбирлар, хусусан Ўзбекистон маданияти кунлари ҳам ўтказилмоқда.
Олий даражадаги учрашувларда, албатта, маданият ва санъат соҳасига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу мулоқотлар олдидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков Пекинда бўлиб, Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазири Сун Ели билан учрашди.
Мулоқотда икки халқнинг маданий алоқалари узоқ тарихга бориб тақалиши ва бугун ҳам изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Учрашувда жорий йилнинг февраль ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Қувноқ баҳор байрами-2024” лойиҳаси доирасида Хитой марказий опера театрининг гастроль тадбирлари режалаштирилгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков мавқедошига Хитой томонидан Ўзбекистоннинг маданият ҳамда санъат соҳаларига тааллуқли грантлар ва инвестициялар ажратилиши икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини инобатга олган ҳолда, мазкур инвестиция ва грантлар жалб этишни таклиф қилди.
Маданият ва санъат соҳасида фаолият юритувчи таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, уни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ва тажриба алмашинувларини ташкил этишни билдирди.
Шунингдек, Назарбеков Хитой томонида Ўзбекистонда мусиқа асбобларини ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда мусиқа асбобларини синовдан ўтказишга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш мумкинлигини билдирди. Ҳозирда мамлакатда мусиқий асбоблар анъанавий усталар томонидан тайёрланади.
Ўз навбатида Хитой Маданият ва туризм вазири Сун Ели икки мамлакат ўртасидаги маданий ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттириш, янада бой ютуқларни яратиш ва икки халқ ўртасидаги дўстликни Янцзи дарёси ва Сирдарё каби оқимга айлантириш учун ишлашга тайёрлигини маълум қилди.