Навоийда олтин дардидаги 3 кишини кон босиб қолди
3-саҳифа
−
10:58 3673 1 дақиқа
Бугун, 7 июль куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги тоғ ҳудудига олтин қазиб олиш мақсадида борган 4 нафар фуқародан 3 нафари ноқонуний қазилган чуқурликка тушиб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 04:22 да Навоий вилояти, Хатирчи тумани, “Ангидон” МФЙ Қуврай қишлоғи тоғ ҳудудида 4 нафар фуқаро ноқонуний олтин қазиб олиш учун борган. Улардан 3 нафари кон ҳудудидаги ноқонуний қазилган чуқурликка тушиб кетиб, тупроқ остида қолиб кетган.
Ҳодиса юзасидан ташқарида қолган бир нафар шериги зудлик билан атрофдагиларга ҳамда Навоий вилояти ФВБга хабар берган.
Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келгунига қадар ташқарида бўлган шериги ва маҳаллий фуқаролар томонидан чуқурликдаги 1 нафар фуқаро чиқариб олинган.
ФВБ қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб келиб, чуқурликда тупроқ остида қолиб кетган яна 2 нафар фуқарони қутқариб олган.
Билдирилишича, қутқарилган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Томди, Конимех ва Хатирчи туманларида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар томонидан олтинни ноқонуний қазиб олиш ва қумдан ажратиб олиш ҳолатлари аниқланган эди.
Live
Барчаси