Навоий ётган заминдаги 40 йиллик уруш. Дунё нега Каримовнинг огоҳлантиришини жиддий қабул қилмаганди? (3-қисм)
Таҳлил
−
09 Март 2020
48711Афғонистон – 40 йилдирки уруш домида қолаётган ўлка. Ундаги муаммолар шу қадар чигалки, бирини ҳал қиламан деса иккинчиси “оёқдан чалиб” ишни пачава қилади. Сайтимизда Афғонистондаги муаммолар ҳақида туркум мақолалар берилди. Унда урушнинг XX асар 80-йилларидан, XXI аср бошига қадар бўлган даври ёритилганди.
Афғонистондаги урушнинг иккинчи даврида мамлакат “қора дори” ва афюн марказига айланган бўлса, кейинги даврда мамлакат “террорнинг уяси” мақомини олди. Бир вақтлар олиму фозиллар, шоири уламоларга бешик бўлган замин, энди террорчилик ташкилотларининг бошпанаси, жон сайлайдиган чайласи бўлди. Натижада Афғонистон кўплаб томонлар ўртасида жанг борувчи майдон вазифасини ҳам ўтади.
1978 йилда бошланган Афғон урушининг энг узоқ давом этган учинчи босқичига назар соламиз. 43 давлат бош қўшган коалиция Афғонистонда нимани қойиллатди ўзи?
АҚШНИНГ АФҒОНИСТОНГА КИРИШ САБАБИ: 11 СЕНТЯБРЬ ВОҚЕАЛАРИ
2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда серияли террористик ҳужумлар амалга оширилди. Жами 19 киши тўртта йўловчи самолётни қўлга олди. American Airlines авиакомпанияси самолёти Нью-Йоркдаги Бутунжаҳон савдо марказининг биринчи (шимолий) биносига урилди. United Airlines авиакомпанияси самолёти эса Бутунжаҳон савдо марказининг иккинчи (жанубий) биносига урилди. Террорчилик акти натижасида эгизак осмонўпар бинолар буткул вайрон бўлди. American Airlines компаниясининг қўлга олинган яна бир самолёти АҚШ мудофаасининг “юраги” Пентагонга қараб учди. Самолёт Мудофаа вазирлиги биносининг ғарбий қанотига урилди. United Airlines`га тегишли бўлган ва қўлга олинган тўртинчи самолёт эса манзилига етмай, Пенсильвания штатида қулади. Самолёт қулаган жой Вашингтондан 240 км узоқликда жойлашган. Самолётнинг бу тарзда қулашига ҳаво кемасидаги йўловчи ва экипаж аъзоларининг бошқарувни қайтаришга урингани сабаб бўлгани тахмин қилинади. Ушбу серияли ҳужумлар натижасида 19 нафар террорчидан ташқари 2977 нафар одам ҳалок бўлган, 24 киши бедарак йўқолган.
Ҳужум учун жавобгарликни “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган. Унинг раҳбари Усама бин Лодин Афғонистондан қўним топганди. АҚШ уни экстрадиция қилишни талаб қилганида “Толибон” буни рад қилди.
22 сентябрь куни эса “Толибон” ҳукуматини тан олган уч давлатдан иккитаси Саудия Арабистони ва БАА Афғонистон билан дипломатик алоқани узди.
Бу воқеалар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг огоҳлантиришлари беэътибор қолдирилганининг аянчи оқибати эди. Ислом Каримов жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон муаммосининг ҳали эрта босқичида, “Толибон” энди пайдо бўлган кезлари улкан хавф яқинлашаётганидан огоҳлантирганди.
“Ушбу минтақадаги нотинчлик ва тўқнашувлар, улкан кўламдаги фожиаларга олиб келиши мумкин... Шунингдек, айнан зиддият майдонида ғоят катта миқдордаги қурол-аслаҳаларнинг назоратсиз ҳолатда тўплана бораётгани бизни янада хавотирга солади. Ушбу қуроллар қандай қилиб экстремист ва террористлар қўлига тушяпти? Ушбу қурол оқимининг Афғонистонга етказиб берилишини олдини олиш учун жаҳон ҳамжамияти нима қилмоқда ҳамда қандай йўл тутиши керак? Миллионлаб инсонлар ҳаёти ва халқлар тақдирини белгиловчи ушбу саволлар ҳозирда ўз ечимини кутяпти”, деганди Каримов 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб.
Улкан хавфга нисбатан унданда улкан лоқайдлик оқибатида Каримов айтган террор хавфи орадан 8 йил ўтиб АҚШда “портлаганди” ва шу тариқа ўзининг асл кучини намойиш қилганди.
АҚШ УЧУН АФҒОН УРУШИНИНГ БОШЛАНИШИ
“Толибон”га қарши ҳарбий операция 2001 йил 7 октябрь куни бошланган. Биринчи зарбани беришда 40 та ҳарбий самолёт қатнашган, америка ва британ кемалари 50 та қанотли ракеталар учирган. Урушнинг дастлабки ойларида толибларнинг ҳаво ҳужумига қарши тизими, авиация буткул вайрон қилинган. АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари давомида “Толибон” Америка ҳарбий техникаларини йўқ қилгани ҳақида бир қанча ахборот тарқалган. Аммо кейироқ булар Пентагон томонидан инкор қилинган.
“Толибон”нинг ҳаракатларини дунёда ягона ОАВ ёритиб борган. Бу Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали эди. Толиблар фақат шу каналга Афғонистонда ишлашга рухсат берган.
Бир ой давомида АҚШ самолётлари “Толибон” позицияларига зарба берган. Бу ўз самарсини бериб, “Толибон”нинг ҳарбий ҳаракатчанлиги сусайган, фронт орти таъминот чизиғига путур етган.
Ва ниҳоят, 2001 йил 9 ноябрь куни “Шимолий Альянс” “Толибон”га ҳужум қилиб, Мозори-Шариф шаҳрини эгаллади. Бу улкан йўқотиш эди. Шундан сўнг, “Толибон”ни қўллаб-қувватлаган кўплаб “полевой командир”лар “Шимолий Альянс” томонга ўтиб кетди.
Ҳужум бошланганидан 38 кун ўтиб, 13 ноябрь куни “Толибон” 1996 йилдан бери назоратида бўлган пойтахт Кобулни жангсиз ташлаб кетди. Бир неча кун ўтиб эса мамлакатнинг фақатгина жанубий қисми ва шимолдаги Қундуз шаҳри толиблар назоратида қолганди.16 ноябрь куни Қундуз шаҳри қамал қилиниб, 25 ноябрда эгалланди.
Уруш АҚШ ва унинг иттифоқчиси Буюк Британия учун рисоладагидек кетаётганди. Олдинда йирик шаҳар “Толибон”нинг “бешиги” Қандаҳорни эгаллаш қолганди. Ҳаракат етакчиси Мулла Омарнинг қароргоҳи ҳам шу ерда бўлган.
Қандаҳор жангидан аввал АҚШ Афғонистонга биринчи йирик ҳарбий контингентини киритди. 1000 га денгиз пиёдалари Араб денгизидан вертолётларда олиб келинди. Аскарлар Қандаҳор жанубига ташланди ва у ерда биринчи тезкор база Кэмп-Рино (Camp Rhino) барпо этилди.
7 декабрга келиб, толибларнинг Афғонистондаги сўнгги йирик маркази Қандаҳор таслим бўлди. Жангариларнинг бир қисми қўшни Покистонга қочди, бир қисми, шу жумладан, “Толибон” лидери Мулла Омар тоққа яширинди. Жангариларнинг маълум қисми асир тушди. Қандаҳор олиниши билан ҳарбий ҳаракатларнинг асосий босқичи якунланди.
Шундан сўнг, АҚШ Афғонистонга киришининг расмий манбаларга кўра бош сабаби “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Лодиннинг кетига тушиш. Совет-афғон уруши давом этаётган вақтларда Афғонистон жануби-шарқидаги Тора-Бора тоғли районида ғор ичида қароргоҳ борлиги ва разведка маълумотига кўра бин Лодин ўзига ўша ерни бошпана қилгани ҳақида маълумот бўлган. Тора-Бора учун 12-17 декабрь кунлари жанг олиб борилган. Ғор эгаллангач, текшириб чиқилганда бин Лодин бу ерни аллақачон тарк этгани маълум бўлган.
АҚШ ва Буюк Британия кучларининг биргаликдаги ҳарбий ҳаракатининг дастлабки босқичида “Толибон” ҳокимиятдан кетказилди ва ҳарбий салоҳиятини йўқотди. Афғонистонда Ҳамид Карзай бошчлигида ўтиш даври афғон маъмурияти тузилди. 2002 йил июнда Луя жирга (катта кенгаш) Ҳамид Карзайни мамлакатнинг вақтинча Президенти этиб тасдиқлади. Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш учун НАТОнинг ҳарбий миссияси амалга оширила бошлади. Кейинчалик у ISAF (International Security Assistance Force – Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро куч) номи билан аталди. ISAF БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йил 20 декабрдаги резолюциясига асосан тузилганди. ISAF дастлаб Кобул хавфсизлиги учун жавоб берган.
УРУШНИНГ БОРИШИ
Толиблар режими ағдарилганидан кейинги биринчи йил Афғонистонда тинч ўтди. Бу тинчлик расмий ҳукумат ҳам, “Толибон” ҳам урушадиган аҳволда эмасиги оқибатида юзага келди. Биргина йирик тўқнашув Шоҳи-Кот водийсида юз берди. Кабул ва Тора-Бора тоғли ҳудудидан чекинган толиблар шу ерда қўним топганди. 2002 йил мартида коалиция кучлари водийда “Анаконда” операциясини ўтказди. Аммо толиблар кутилмаганда қаттиқ қаршилик кўрсатди ва операция йирик жангга айланиб кетди. Водий эгаллангач, жангарилар жанубдаги тоғли ҳудудларга яширинди ёки Покистонга кетди.
“Толибон” сукунат йилларида қўл қовуштириб ўтирмади. Ҳаракат тўғридан-тўғри тўқнашувлардан қочиб, ўз кучларини АҚШга қарши курашишга тайёрлаётганди.
“Толибон” афғон-покистон чегарасидаги қишлоқ ҳудудлардан ўзининг таянч базаси сифатида фойдаланиб, 1980-йилларда совет-афғон уруши давридагидек партизанлик урушини бошлади. Толиблар ўзини бир мунча тиклаб олгани 2003 йил 27 январда америкалик аскарлар ўтказган “Мангуст” операциясида маълум бўлди. Унинг ортидан шаҳарларда террорчилик актлари уюштирила бошлади.
“Толибон” ўзини сезиларли даражада тиклаб, жанубга жойлашиб олгач, Пактика, Пактия, Нангарҳар ва Кунар вилоятларига ўзининг “яширин” губернаторларини юборди. Бу ҳаракат жавобсиз қолмади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ISAF жавобгар бўлган ҳудудларни кенгайтирди. Бир вақтнинг ўзида Афғонистонни сиёсий ва иқтисодий томонлама тиклаш ҳаракати бошланди. 2004 йилда янги конституция қабул қилиниб, 9 октябрда биринчи президентлик сайлови ўтказилди. Унда Ҳамид Карзай ғолиб бўлди.
2005 йилда Афғонистонда зўравонлик авж олди. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида умумий ҳисобда деярли 1500 киши ҳалок бўлди.
2005 йилда ISAF ва америка контингентининг йўқотишлари ортди. Дастлаб, MH-47 вертоёлти уриб туширилганида 16 америкалик аскар, кейинроқ вертолёт ҳалокатида 17 нафар испан аскари ҳалок бўлди.
2006 йилда ISAF`нинг Афғонистон жанубида қатор ҳудудларда “Тоғ ўпирилиши” операциясини бошлади. Унда 11 мингдан ортиқ халқаро коалиция аскари иштирок этди. Тоғли ҳудудга мустаҳкам жойлашиб олган толиблар қаттиқ қаршилик кўрсатди. Операция июлгача давом этди.
1 августда НАТО Афғонистон жанубида халқаро контингентни бошқариш ҳуқуқини АҚШдан олди. Ўша вақтда ташкил топганига 57 йил бўлган НАТО “Тоғ ўпирилиши” энг қийин операция бўлганини таъкидлади.
Бу ўз навбатида “Толибон” 5 йил ичида ўзини қайта тайёрлаганини исботлади. Толиблар 2001 йилдаги “ўқувчилар”дан профессионалларга айланганди.
2008 йилгача халқаро коалиция кучлари “Тоғ ўпирилиши”дан ташқари “Медуза”, “Тоғ ғазаби”, “Ахиллес”, “Ҳаракати йоло” ва “Ластай Куланг” каби операциялар ўтказди. Уларда “Толибон”нинг кўплаб жангарилари йўқ қилинди, колациянинг йўқотишлари ҳам сезиларли ошди. Аммо айтарли муваффақиятга эришилмади.
2007 йилдан ҳукумат ҳарбий кучлари операцияларда асосий вазифани бажара бошлади.
УРУШДА БУРИЛИШ: “ТОЛИБОН”НИНГ ҚАРШИ ҲУЖУМГА ЎТИШИ
2002-2007 йиллар давомида асосан ҳимояланган ва имкон бўлсагина шаҳар ёки бошқа кичик аҳоли манзилгоҳини эгаллаб олган толиблар 2008 йилдан ҳужумга ўта бошлади. Улар мамлакатнинг Вазиристон вилоятида мустаҳкамланиб олганди. Маълум бир вақтда эса халқаро коалицияни мушкул аҳволга солиб қўйди.
2008 йилнинг февралида толиблар Покистондан коалицияга 80 фоиз таъминот олиб бориладиган коридорга ҳужум қила бошлади. Узлуксиз ҳужумлар натижасида НАТО Россиядан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Россия НАТО кучларига таъминот олиб ўтиш учун ўз ҳаво ҳудудида коридор очиб берди. Аммо ҳаводан таъминот етказиш қуруқликка қараганда қимматга тушарди.
2008 йил апрель ойида Кобулда Президент Ҳамид Карзайга ҳужум қилинди. Парад вақтида толиблар автомат ва гранатамётлардан ҳаммани ўққа тутди.
Афғонистондаги халқаро кучлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар бўлиб турган. Хусусан, бу коалиция контингенти устидан олий бошқарувнинг кимга тегишли бўлиши масаласида намоён бўлган. Одатда бошқарув Америка ва Британия қўмондонлари орасида қўлдан-қўлга ўтган.
2009 йилда ҳам курашувчи томонлар айрим ҳудудларни олдинма-кейин ишғол қилди. Асосий жанглар Чаҳор Дара уезди учун бўлди ва ҳудуд ҳукумат назоратида қолди.
2010 йил февралида “Муштарак” операция натижасида толиблар Ҳилманд вилоятидаги жангарилар жойлашиб олган райондан чиқариб юборилди. ISAF съай-ҳаракатига қарамай “Толибон” мамлакатнинг катта қисмида партизанлик урушини давом эттирди. Жангарилар “кичик уруш” ва “минали уруш” тамойили билан ҳаракатланарди.
Шу йил август ойи бошида Голландия ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. 2010 йилда НАТО Афғонистонда арзигулик натижага эришмади. 2011-2012 йиллар давомида ҳам “Толибон” партизанлар урушини давом эттирди. Урушда жангарилар ҳам, халқаро коалиция ҳам кўплаб қурбонлар берди. Энг ачинарлиси бу урушларда минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Одамлар яшовчи жойларда доимий уруш ҳаракатлари олиб борилди. Бир ҳудуд устидан гоҳ у, гоҳ бу томоннинг назорати ўрнатилиши урушнинг том маънода самарасиз ва мақсадсиз қилиб қўйди. Афғонлар мамлакатдаги халқаро коалициянинг кетишини истай бошлади.
2013 йил июнь ойи ўрталарида Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай афғон қуролли кучлари мамлакатдан хавфсизликни таъминлашда асосий ролни ўзига олишини маълум қилди.
2014 йилда АҚШ ва Афғонистон ҳукумати келишув имзолади. Унга кўра, Ағонистонда уруш тугаганидан кейин ҳам америка аскарлари мамлакатда қолиб, полицияга тартибни сақлашда ёрдам бериши белгиланди.
2015 йилдан бошлаб “Толибон” мамлакат бўйлаб фаолиятини жадаллаштирди. Кобул ва унга ёндош ҳудудларда бомбалар портлатилди. Бунинг ортидан НАТО ҳам ҳарбий операцияларни бошлаб юборди.
2015 йил январь ойи ўрталарида ИШИД халқаро террорчилик гуруҳи Афғонистонда фаолиятини бошлаганини маълум қилди. 19 март куни Афғонистон ҳукумати ИШИДнинг мамлакатдаги вакилини йўқ қилганини эълон қилди.
2015-2019 йиллар давомида “Толибон” ва унинг иттифоқчиларининг ҳужумкорлиги ортиб борди. Жангарилар кичик ҳудудлар эмас, мамлакатдаги муҳим марказларга ҳам ҳужумлар уюштирадиган бўлди. Шундай ҳужумлардан бири Қундуз шаҳрига амалга оширилди ва шаҳарни толиблар эгаллади. Кўп ўтмай ҳукумат кучлари уни қайтариб олди..
Ўша кезлари “Толибон” мамлакатнинг 4 фоизини тўла назорат қилгани ҳолда, яна 70 фоиз ҳудудда эркин ҳаракатлана оларди. 2016 йилга келиб, “Толибон” назоратидаги ҳудуд 10 фоизгача ошди. 2015-2019 йилларда урушнинг ўзига хослиги “Толибон”нинг ҳарбий ҳаракатлари мамлакат бўйлаб минглаб оддий одамлар ва аскарларнинг ўлимига сабаб бўлган кўп сонли терактлар билан параллел олиб борилди. Терактлар ортидан “Толибон” янги-янги ҳудудларни эгаллаб олаверди. Пентагон маълумотида 2018 йил 1 августига келиб Афғонистоннинг 56,3 фоизи ёки 407 та тумандан 229 таси ҳукумат назоратида, 14,5 фоизи ёки 59 та туман “Толибон” қўл остида бўлган. Қолган 29,2 фоиз ҳудуд баҳсли бўлиб, у ерлар учун жанглар давом этган.
Афғонистон муаммоси бу даврга келиб, халқаро миқёсда кун тартибига чиқарилди. Афғон урушини тугатиб, томонларни яраштириш ва мамлакатда барқарорлик ўрнатиш учун кўплаб бесамар халқаро конференциялар ўтказилди. Бесамарлиги шундаки, “Толибон” бу конференцияларда иштирок этмасди ва ўша анжумандаги келишувларга амал ҳам қилмасди. Борди-ю “Толибон” шундай анжуманлардан бирида иштирок этишга рози бўлса, Афғонистон ҳукумати унга расмий вакил юбормасди. Шу тариқа, урушувчи томонларни музокаралар столига ўтказишнинг имкони бўлмади.
АҚШнинг афғон урушини тугатиш учун “Толибон” билан олиб борган музокараларида 2019 йил 27 январда ижобий натижага эришилди. Буни ҳар икки томон ҳам тасдиқлади. Ўша йил 12 мартда “Толибон” АҚШ билан америка аскарларининг чиқарилиши бўйича келишувга эришди.
1 июнда “Толибон” етакчиси Мулави Ҳайбатуллоҳ Охунзода АҚШни Афғонистонни оккупация қилишни тўхтатиб, тинчлик музокаралари бошлашга чақирди.
Бу воқеаларнинг барчаси Афғонистондаги урушувчи томонларнинг жангдан, қуролдан безганини кўрсатарди. 40 йил давом этган урушда ғолиб йўқ эди, мағлуб ҳам. Қайсидир куч ўзини ғолиб деб эълон қилиши билан унга қарши қуролли мухолифат ўртага чиқаверарди. Афғон урушини катта театр саҳнасига ўхшатиш мумкин: саҳнада спектакль актёрлар истаганида эмас, режиссёр истаганида тугайди. Афғон урушида ҳам актёрлар – урушувчи томонлар ўз ролларини бажаришдан чарчаган бўлса-да саҳна ортидаги “режиссёр” уларга рухсат бермаётгандек, спектаклнинг ўзанини буриб, унинг давомий бўлишини таъминлаб тургандек, туюлади.
Жорий йилнинг 2020 йил 29 февраль куни АҚШ ва “Толибон” ўртасидаги битим Афғонистонга тинчлик шамолини элтса не ажаб. Аммо бу битим шартлари бажарилганидан кейин толиблар ва Афғонистон ҳукуматини муросага келтириш керак бўлади. Бу йўлда “Толибон”ни қуролларни топшириши ва қонуний сиёсий ташкилотга айланиши муҳим аҳамиятга эга.
Бир нарсани унутмаслик керакки Афғонистонда бугунги кунда 20 га яқин (Ҳаққони гуруҳи, Ал-Қоида, ИШИД, Лашкари Тоиба, Лашкари Жҳангви, Жаиши Муҳаммад, Мужоҳидлар бирлашган кенгаши, Маулви Назир гуруҳи, Таҳрики Толибони Покистон, Амри ба Маруф ва Мўмин гуруҳи, Ўзбекистон ислом ҳаракати, Туркистон ислом ҳаракати, Ислом жиҳоди иттифоқи, Ҳизби ислмо ва бошқ.) террорчилик гуруҳи фаолият олиб боради. Расмий манбаларга кўра, баъзи террорчилик ташкилотларининг қароргоҳлари қўшни Покистон ҳудудида жойлашган.
“ТОЛИБОН” АҚШ АРМИЯСИГА ҚАНДАЙ БАРДОШ БЕРДИ?
“Толибон”дек бир маҳаллий радикал ҳаракат қандай қилиб дунёнинг биринчи рақамли армиясига эга АҚШга 19 йилдирки қаршилик кўрсатиб келяпти? Бу давр мобайнида ҳаракатни ким таъминлаб турди? Бунданда қизиғи, АҚШ қандай қилиб, ўша давлатни билмади ёки билди-ю кўз юмдими?
Америка разведкаси Покистонни “Толибон”га ёрдам беришда айблади. BBC билан суҳбатлашган бир нечта дала қўмондонлари Покистон толибларга яшириниш учун жой ва қурол етказиб беришини айтган. Бундан ташқари, “Толибон”нинг бу қадар чидамли бўлишида қайсидир маънода Қатарнинг ҳам роли бор. Миттигина Қатар “Толибон”нинг сиёсий бошқарувчиларига бошпана ва эркин ҳаракатланиш имконини берган.
2011 йилда “Толибон”нинг даромади 400 млн долларга баҳоланган. Аммо ўтган йиллар давомида бу кўрсаткич 1,5 млрд долларгача кўпайгани тахмин қилинади. Бу пуллар қаердан келади?
“Толибон” даромадининг асосий қисми гиёҳванд моддалар савдосидан келиши аниқланган.
Қизиғи шундаки, Афғонистонга НАТО кучлари кирганидан кейин афюн етиштириш сезиларли ошган. Баъзи россиялик мутахассислар фикрича, Буш (Афғон уруши бошланган вақтдаги АҚШ Президенти Жорж Буш) маъмурияти героин етиштиришга “парда ортидан” қараб келган. Наркобизнесга қарши фаол уруш бошланмагани қурбонлар сони кескин ортиб кетиши мумкинлиги билан изоҳланади. Швейцариялик журналист Лабевьер америкаликлар Афғонистонда наркобизнесдан катта фойда олиши ҳақида тахминларини билдирган.
Афғонистонда етиштирилган гиёҳванд моддалар Шимолий ва Жанубий йўллар орқали Европага юборилган. Шимолий йўл Марказий Осиё давлатлари (асосан Тожикистон ва Қирғизистон) орқали Россияга у ердан Европага киритилади. Жанубий йўл – Покистон ва Эрон орқали товар денгизга чиқарилади, у ердан Африкага олиб борилади. Героин Африкадан икки йўл билан Европага киритилади. Биринчиси, Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб Шарқий Европага, иккинчиси, ЖАР орқали Ғарбий Европа портларига олиб борилади.
Афғонистонда кўкнори майдонлари ҳам йилдан йилга ортиб борди. 2015 йилда 183 минг, 2016 йилда 201 минг, 2017 йилда 328 минг гектар майдонда кўкнори етиштирилган. 2018 йилда қурғоқчилик сабаб бу майдонлар қисқарган ва 283 гектарни ташкил қилган.
Статистик маълумотларга кўра, 2001 йилда “Толибон” тақиқи натижасида афюн етиштириш 185 тоннани ташкил қилган бўлса, 2002 йилда 2700 тонна, 2003 йилда 3400 тонна, 2004 йилда 4200 тонна. 2005 йилда 4100 тонна, 2007 йилда 8200 тонна, 2008 йилда 7700 тонна, 2009 йилда 6900 тонна, 2010 йилда 3600 тонна, 2011 йилда 5800 тонна, 2012-2014 йилларда ўртача 4750 тонна, 2015 йилда 3300 тонна, 2016 йилда 4800 тонна, 2017 йилда 9000 тоннадан ортиқ афюн тайёрланган. Етиштирилган наркотик моддаларнинг асосий бозори Европа.
Кўриниб турибдики, Европа давлатлари бир қўли билан “Толибон”ни уриб, иккинчи қўли билан унинг чўнтагига пул солган. Кейин эса уруш қачон тугар экан деб, катта-катта халқаро конференциялар ҳам ўтказишган. Бу ерда ҳам юқорида айтганимиз “режиссёр” ўз ишини қилгандек.
УРУШДАГИ ЙЎҚОТИШЛАР
Афғонистонда 2014 йилгача халқаро коалициянинг 3485 нафар аскари ҳалок бўлган. АҚШ ва Буюк Британия Энг кўп йўқотишга учраган. Афғонистоннинг йўқотишлари бундан бир неча баравар ортиқ. 2014 йилгача 45 мингдан ортиқ ҳукумат аскари ҳарбий тўқнашувларда вафот этган. “Толибон”нинг йўқотишлари ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Тахминарга кўра, 2014 йилгача 40 минг атрофида толиблар тўқнашувларда ҳалок бўлган. Уруш 40 минг атрофида тинч аҳоли вакилининг ёстиғини қуритган. 2009-2019 йиллар давомида ҳар йили ўртача 3 минг одам ўлдирилган.
Умид қиламизки, бу бесамар, бемақсад ва қонли уруш тез орада якун топиб, афғон халқи ҳам узоқ кутилган тинчликка эришади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь