Навоий ҳокимлиги маҳаллаларни сунъий интеллект билан “ободонлаштиряпти”ми?

Жамият

image

Навоий шаҳрининг “Ҳаёт” маҳалласида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фотоҳисоботда ҳокимлик сунъий интеллектдан фойдаланган бўлиши мумкин. Ҳокимлик эълон қилган суратлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг турли муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, Навоий шаҳар ҳокимлиги Telegram-каналида жорий йилнинг 2 август куни “Ҳаёт” маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ҳақида хабар берган. Унда маҳаллада кўча ва ички йўллар, хонадонлар атрофи, ариқлар ҳамда умумий фойдаланишдаги ҳудудлар тартибга келтирилаётгани акс этган.

Ҳокимлик хабарида Навоий шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Ҳақбердиевга “оғир тоифадаги” “Ҳаёт” маҳалласи бириктирилгани, ҳудудда бунёдкорлик, ободонлаштириш ва санитария-тозалик ишлари назоратга олингани қайд этилган.

Бироқ мазкур хабарга илова қилинган суратлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортиб, баъзилар фотоҳисоботда айрим деталлар ўзгартирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Агарда каналга жойланган суратларга яхшилаб эътибор қаратилса, уларнинг “аввалги” ва “ҳозирги” ҳолатлари таққосланса, чиндан ҳам айрим нотабиий жиҳатларни пайқаш мумкин. Хусусан, қуйидаги суратда бир ҳудуднинг икки ҳолати деярли бир хил ракурсда тасвирланган бўлиб, “аввалги” ва “кейинги” кадрларда автомобилнинг бир қисми ҳам бир хил ҳолатда кўринади.

Навбатдаги суратда эса девор остидаги ўтлар тозаланиб, жой бетонлангани кўрсатилган. Бироқ бетонланган қисмда аввалги суратда ҳам кўринган кичик манзарали ўсимлик сақланиб қолган.

Жумдаладан бошқа қатор суратларда ҳам “аввалги” ҳолатда эскирган девор, кўчган сувоқ ва қаровсиз ҳудудлар тасвирланган бўлса, “ҳозирги” суратларда уларнинг деярли идеал даражада янгилангани кўрсатилади. Айрим тасвирларда девор ва бошқа юзаларнинг ҳаддан ташқари бир хил ва силлиқ кўриниши, объектлар перспективаси ҳамда уларнинг аввалги суратдаги жойлашуви билан тўлиқ мос келмаслиги эътиборни тортади.

Ушбу жиҳатлар суратларга сунъий интеллект ёрдамида ишлов берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида саволлар уйғотади.

Сурат сунъий интеллект ёрдамида таҳрирланган-таҳрирланмаганини аниқлашга мўлжалланган махсус сервисда тасвир ҳам таҳлил қилинган.

Текширувда суратларда сунъий интеллект аралашуви бўлиш эҳтимоли юқори экани кўрсатилган. Олти сурат бўйича натижалар мос равишда 97, 95, 53, 96, 90 ва 86 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар юқорида қайд этилган объектларнинг жойлашувидаги номутаносибликлар, айрим юзалар ва текстураларнинг ҳаддан ташқари силлиқлиги, соялар ҳамда тасвирдаги айрим деталларнинг табиий кўринишдан фарқ қилиши билан ҳам уйғун келади.

Шу билан бирга, бундай сервислар таҳлили сунъий интеллектдан фойдаланилганини ўз-ўзидан тасдиқламайди. Шу сабабли мазкур натижани суратда рақамли ёки генератив ишлов берилган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи қўшимча белги сифатида баҳолаш мумкин.

Айни пайтда Навоий шаҳар ҳокимлиги мазкур суратга сунъий интеллект орқали ишлов берилгани ҳақида расмий изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида чиқиндиларни фотосуратдан сунъий интеллект ёрдамида ўчириб ташлаган ва ушбу фотони ҳақиқий тозалаш натижаси сифатида тақдим этган амалдор ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг