Навбат бозорчи хотинларга! Боситхонова уларни тарбияламоқчи
Жамият
−
11 Июль 2019
7302Ўтган йилларда Ўзбекистонда аёлларнинг кўп қисми ўзини бозорга урди. Рўзғор тебратиш, қора қозонни қайнатиш, тўй-ҳашам, орзу-ҳавас, керак бўлса пиёниста эрни боқиш ғами аёлларни бозорга етаклади. Ҳатто, ўқиган, олий маълумотли, кечагина мактабга дарс бериб юрган ўқитувчиларни ҳам бозорда пулни пулга ураётганини кўрдик. Муҳими, меҳнати ҳалол. Аммо, айрим бозорчи аёлларнинг тарбиясига қараб, оғзидан чиқаётганларига қулоқ тутсангиз... Бозордаги ғала-ғовур, тўпорилик, эркакларга хос одатлар – туфуришдан тортиб, сўкинишлар ҳам аёлларга кўчгандек. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси бозордаги аёлларнинг шундай қолиб кетишига қарши. Маълум қилинишича, қўмитанинг бошланғич ташкилотлари бозордаги аёллар билан шуғулланишни бошлайди. Бу ҳақда қўмита раиси Элмира Боситхонова иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинган. Бу ҳақда "Спутник" ёзмоқда.
“Мамлакатни биламан десанг, бозор билан мозорига бор, деган гап бор. Ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор. Аммо шу сўзга мос бўлмаслиги учун Хотин-қизлар қўмитаси нима қилди?”, дейди Элмира Боситхонова.
Шу ўринда, куни кеча 10 июль куни Самарқанд шаҳри Сиёб бозорида рўй берган бир нохуш ҳолат эсимга тушди. МДҲ давлатларидан келган меҳмонлар билан бозор айланиб, Бибихоним мадрасаси яқинида тўпланиб турган эдик, ана шундай бозорчи аёллардан бири кутилмаганда ички ишлар органлари ходимларига қўлини пахса қилиб, шанғиллаб бақириб кетганига гувоҳ бўлдик. “Икки юз минг ойликка яшаб бўладими? Нима демоқчисан?”, - деб бақирарди қўлида турли сувенирларни кўтариб олган, оғзи тўла тилла тиш аёл.
Ички ишлар ходими аёлдан қанча узоқлашишга ҳаракат қилса, жазаваси тутган аёл у томон бостириб, бақиришдан тўхтамасди.
Аёлнинг ҳаракатини меҳмонлар ҳайрон қараб кузатишди.
Шу тобда меҳмонлар олдида изза бўлишдан ҳам кўра, ички ишлар ходимига кўпроқ ачиндим.
Энг ачинарлиси, орадан ярим дақиқа ўтмай, бозор дарвозаси олдида ана шундай бозорчи аёллардан яна бири ички ишлар ходимига ҳужумга ўтди. Уни икки-уч киши тўхтатишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, аёл юлқиниб, формадаги орган ходимига ташланмоқчи бўларди. Ҳайриятки, шу вақт автобус тайёрлиги эълон қилинди ва меҳмонлар бозордан узоқлашдилар.
Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимованинг айтишича, Сиёб бозоридаги аёлларнинг ўзини тутиши масаласи кун тартибида турган муаммоли масалалардан бири. Муаммо шундаки, бундайлар ҳеч кимни эшитмайди ва “орани очиқ” қилиб кун кечиришга одатланиб қолган.
Ўзбекистон хотин-қизлар раиси Элмира Боситхонованинг айтишича, эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилади. Бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз “бозорчи аёл” номига муносиб бўлмасликлари учун бошланғич ташкилот хонасида улар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, бозорларда радиоузел орқали Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари”га ўхшаш асарлар ҳар куни беш-олти мартадан ўқиб эшиттирилиши, муомала маданияти мавзусида эшиттиришлар тайёрланиши ҳам кўзда тутилган.
“Бор ҳаракатимиз бозор ҳақиқиқатан ҳам маърифат манбаи бўлишига эришишга қаратилади”, деган Боситхонова.
Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова тез кунларда Сиёб бозорига чиқиб, аёллар билан шахсан суҳбат ўтказишни ваъда қилган.
LiveБарчаси