Навальний “Қутб бўриси” колониясидан биринчи хатини чиқарди
Олам
−
26 Декабрь 2023
7906Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ҳозир ўзи сақланаётган Россиянинг Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясидан биринчи хатини чиқаришга муваффақ бўлди. У қўллаб-қувватлагани учун барчага миннатдорлик билдирди ва ўзини яхши ҳис қилаётганини ёзди.
Навалний мактубида 20 кун давом этган ва жуда толиқтирган махсус режимли колонияга ўтказилиши ҳақидаги тафсилотлар билан ўртоқлашган.
“Шанба куни кечқурун (23 декабрь) мени олиб келишди. Ва улар шундай эҳтиёт чоралари ва ғалати йўл бўйлаб олиб кетишдики (Владимир - Москва - Челябинск - Екатеринбург - Киров - Воркута - Харп), январь ойининг ўрталарига қадар мени бу ерда ҳеч ким топиб олишини кутмаган эдим. Шу боис кеча камера эшиклари “сизда адвокат бор” деган ёзувлар билан очилганида мен жуда ҳайрон бўлдим”, деб ёзади Навальний.
Шунингдек, у колониядаги сақлаш шароитлари ҳақида бироз сўз очган. Хусусан, уни сайр қилиш учун қўшни камерага олиб чиқишади, у ерда полда қор бор ва камера деразасидан ташқарида жуда яқин турган панжара кўринади.
“Мен деразадан ташқарига қарайман, у ерда кечнинг бошланаши, кейин кечқурун, кейин яна тун. Яна мен конвойни кўрдим, у Россиянинг марказий қисмидаги каби эмас, балки фильмлардаги каби – қўлида автомат, иссиқ қўлқоплар ва кигиз этикларда. Ўша жуда чиройли момиқ чўпон итлари ҳам бор”, деб ёзган Навальний.
19 кун давомида қаердалиги номаълум бўлган россиялик сиёсатчи Алексей Навальний кеча, 25 декабрь куни Россиянинг Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясидан топилди.
Алексей Навальнийнинг адвокатлари, қариндошлари ва ҳамкорлари деярли уч ҳафта давомида унинг қаердалигини аниқлай олмаган. У билан алоқа 6 декабрь куни йўқолган. Дастлабки бир неча кун давомида унинг адвокатлари турли баҳоналар билан колонияга киритилмаган. Шундан сўнг, суд Навальний 11 декабрь куни “Владимир вилоятини тарк этгани”ни унинг аниқ манзилини кўрсатмасдан маълум қилган.
LiveБарчаси