НАТО ядро қуролини жанговар ҳолатга келтириши мумкин – Столтенберг
Олам
−
17 Июнь
5710НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс ядровий қуролларни жанговар шай ҳолатга келтириш ҳақида ўйлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Daily Telegraph” газетаси хабар берди.
Столтенбергнинг газетага берган интервьюсидан маълум бўлишича, альянсни замонавий қуролларни яратишга катта маблағ сарфлаётган ва 2030 йилга бориб ядровий қуролларининг сонини мингтага етказмоқчи бўлган Хитой алоҳида ташвишга солмоқда. Шу боисдан ҳам НАТО аъзолари бу борада маслаҳатлашувларни бошлаб юборган.
“Мен қанча ядро қуроллари ишлаши ва уларни қандай сақлаш кераклиги ҳақида батафсил маълумот бермайман. Лекин биз бу масалаларда албатта маслаҳатлашишимиз керак. Айнан шундай қиляпмиз ҳам”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, бу борадаги шаффофлик НАТОнинг “ядровий иттифоқ” эканлиги ҳақида янада аниқ фикр уйғотишга ёрдам беради.
“НАТОнинг мақсади ядровий қуролсиз дунёга эга бўлишдир. Аммо ядровий қурол мавжуд экан, биз ядровий иттифоқ ҳисобланаверамиз. Чунки Россия, Хитой ва Шимолий Корея ядровий қуролга эга. Бундай шароитда НАТО мавжуд бўлмаган дунё эса хавфли дунё бўлиб қолаверади”, дея фикр билдирган Йенс Столтенберг.
Шу билан бирга, Бош котиб АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари айни пайтда ядровий арсеналларини, ҳатто, самолётларни ҳам янгилаётганини айтиб ўтган.
Столтенберг Украинадаги вазият ҳақида гапирар экан, Ғарб давлатларини Киевга ёрдам беришда давом этишга чақирди.
“Агар Путин Украинада ғалаба қозонса, биз янада заиф бўлиб қоламиз. Бундай ҳолатда биз ўз мудофаамизга кўпроқ сармоя киритишимизга тўғри келади”, дея НАТО Бош котиби ўз сўзини якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан НАТО ўз мамлакатлари ҳудудида учта йирик ҳарбий база яратишни ва улардан Украинага қурол етказиб беришни режалаштираётганини айтиб ўтганди. Бундан ташқари, НАТО Украина бўйича махсус вакил лавозимини яратишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь