НАТО вазият кескинлашса, Украинага қўшин киритадими?
Олам
−
26 Январь 2022
9007НАТО давлатлари Украинага қўшин киритмайди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.
“НАТО Украинада жанговар қисмларни жойлаштирмайди”, деган у CNN телеканалига берган интервьюсида.
Хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар ҳақида гапирар экан, Столтенберг блок Россия билан “қурол назорати, қуролсизланиш, ҳарбий фаолиятнинг шаффофлиги, хавфларни камайтириш механизмлари ва Европа хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа масалаларни” муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидлаган.
“Бироқ, НАТО асосий тамойиллар бўйича муросага келмайди”, дея қўшимча қилган у.
Альянс бош котиби Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига АҚШ билан параллел равишда жавоб юборишини айтган.
“Биз НАТОда таклифлар бўйича ишларни якунлаймиз, ёзма ҳужжатни шу ҳафта охирида уларга юборамиз”, дея тушунтирган у.
АҚШ ва НАТО билан музокаралар
Ўтган йил охирида Москва хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини Брюссель ва Вашингтонга топширган эди. Кремль блокнинг постсовет давлатлари билан ҳарбий ҳамкорлигини тўхтатиш, улар ҳудудида базалар яратишдан бош тортиш, Россия чегараси яқинида зарба берувчи қуролларни жойлаштиришни чеклаш, Америка ядровий қуролларини Европадан олиб чиқиш ва НАТОнинг шарқда кенгаймаслигини кафолатлашни талаб қилмоқда.
Жорий йил январь ойида Россия, АҚШ ва НАТО ўртасида хавфсизлик кафолатлари бўйича бир қатор маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди: 9-10 январь кунлари бу масала Женевада Америка томони билан учрашувларда, 12 январда Россия-НАТО кенгаши йиғилишида ва 13 январь куни ЕХҲТ майдончасида муҳокама қилинди. Москва АҚШ ва НАТОдан жавоб кутмоқда.
Аввалроқ, Пентагон АҚШ Президенти Жо Байденга Украина атрофида вазият ёмонлашса, Шарқий Европа давлатларига гуруҳ сони ўн баравар ошиши мумкин бўлган мингдан беш минггача қўшин юборишни таклиф қилгани айтилганди. Байден бир ҳафта ичида бу бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.