НАТО “Вагнер” билан боғлиқ вазият туфайли Шойгу билан боғланди – “La Republica”
Олам
−
25 Июнь 2023
22526НАТО ядровий воқеа содир бўлишидан қўрқади, шу сабабли альянс ва Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” билан вазият бўйича "норасмий мулоқот" ўтказди. Бу ҳақда бугун, 25 июнь куни “La Republica” газетаси хабар берди.
“Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу энг ишончли суҳбатдош саналади”, дейилади хабарда.
Айтилишича, АҚШ Президенти Жо Байден ва Европанинг етакчи давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзулари айнан кескинлашув хавфидан қочиш ва ядровий ҳодисанинг олдини олиш бўлган.
Газетанинг ёзишича, НАТОнинг диққати дарҳол фойдаланишга тайёр бўлган 1400 дан ортиқ ядро каллакларига қаратилган. Нашр муаллифларига кўра, Ғарб исёнчилар томонидан қилинаётган ҳаракатларда ўз кучлари ҳеч қандай роль ўйнамаслигини зудлик билан билдирмоқчи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини сўраган ва Москвагача боришини билдирди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли кучлар ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинке Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, G7 Ташқи ишлар вазирлари ва Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати раҳбари Жозеп Боррель билан телефон орқали мулоқотда Россиядаги вазиятни муҳокама қилди.
АҚШ Президенти Жо Байден эса Британия, Германия ва Франция етакчилари Риши Сунак, Олаф Шольц ва Эммануэль Макрон билан Россиядаги вазиятни муҳокама қилган.
LiveБарчаси