НАТО Украинага Patriot ракеталарини шошилинч етказади – ОАВ

Олам

image

НАТО Украинага зудлик билан зарур бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиш устида ишламоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, бунга Россиянинг бугун, 6 августга ўтар кечаси уюштирган ҳужуми вақтида Украина бирорта ҳам баллистик ракетани уриб тушира олмагани сабаб бўлган. Ҳужумда Россия 24 та баллистик ракета ва 115 та дрондан фойдаланган. Украина ҳаво кучлари 98 та дронни йўқ қилган, бироқ баллистик ракеталарнинг бирортаси тутиб қолинмаган. Оқибатда камида 17 киши ҳалок бўлган.

НАТО Бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, альянс Украинага зарур бўлган ҳаво мудофаа тизимларини имкон қадар тезроқ етказишга ҳаракат қилмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россия қиш мавсуми яқинлашар экан, ракета ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишни режалаштираётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида иттифоқчилар томонидан Украинага етказиб берилган ҳаво мудофаа ракеталари ҳажми ўтган йилга нисбатан уч баробарга камайган.

“Барча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва зарур сиёсий қарорларни қабул қилиш муҳим. Украинада одамларнинг ҳаёти ҳар куни Европа ва АҚШдаги ҳамкорларимизнинг қатъиятига боғлиқ”, деган Зеленский НАТО Бош котиби билан учрашувдан сўнг.

Нашрга кўра, Украина Россиянинг “Искандер-М”, С-400 ва “Циркон” ракеталарини тутиб қолишга қодир бўлган Patriot тизимларига жиддий эҳтиёж сезмоқда. Зеленский бу танқисликни Яқин Шарқдаги уруш оқибатида АҚШ захираларининг камайгани билан изоҳлаган.

Шунингдек, АҚШ Украинага Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича лицензия бериш масаласида музокараларни давом эттираётганини маълум қилган. Муҳокама қилинаётган вариантлардан бирига кўра, Украина айрим бутловчи қисмларни ишлаб чиқаради, якуний йиғиш эса Европадаги корхоналарда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО давлатлари 2026 йил якунига қадар Украинага ҳарбий техника етказиб бериш ва ҳарбийларни тайёрлаш учун 70 миллиард доллар ажратишга ваъда берган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг