НАТО ўқ-дори сотиб олиш учун 1,2 млрд долларлик шартнома имзолади
Олам
−
23 Январь
4253Бугун, 23 январь куни НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида альянс учун 155 мм артиллерия ўқ-дориларини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди. Ҳужжатларни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва НАТОнинг барқарорлик ва харидлар агентлиги (NSPA) бош директори Стейси Каммингс имзолади. Маросим Шимолий Атлантика альянси штаб-квартираси сайтида трансляция қилинди.
"Биз ҳозиргина 1,2 миллиард долларлик 155 мм артиллерия ўқ-дориларини сотиб олиш бўйича шартнома туздик. Бу НАТО иттифоқчиларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Украинага ёрдам беришда давом этиш имконини беради", деган Столтенберг маросимдан сўнг.
Ўз навбатида, Стейси Каммингс альянсга аъзо давлатлар имзоланган шартнома бўйича ўқ-дориларни 24-36 ой ичида олишини айтган.
AFP манбасига таяниб, альянс 1,2 миллиард долларлик шартнома бўйича 220 мингга яқин артиллерия ўқ-дориларини харид қилишини ёзган бўлса, “Reuters” манбаси шартнома бўйича биринчи етказиб бериш 2025 йил охиригача амалга оширилишини айтди. Аниқлик киритилишича, альянс ўзининг бир неча иштирокчилари номидан шартнома тузган, улар кейинчалик снарядларни Украинага ўтказади ёки улардан ўз захираларини тўлдириш учун фойдаланади.
Столтенбергнинг таъкидлашича, гап Украина ҳарбийлари томонидан фаол қўлланилаётган 155 мм артиллерия ўқлари ҳақида кетмоқда.
Маълумот учун, NSPA альянснинг асосий хизмат кўрсатувчи провайдери бўлиб, у НАТО, унинг аъзолари ва ҳамкорларига кенг кўламли интеграциялашган имкониятларни тақдим этади. NSPA НАТОнинг логистика ва харидлар фаолиятини бирлаштиради.