НАТО учинчи жаҳон уруши учун режалар тайёрламоқда
Олам
−
27 Сентябрь
4765Россия билан эҳтимолий уруш юзага келган тақдирда НАТО ярадорларни фронтдан эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда альянснинг логистика қўмондонлиги бошлиғи, генерал-лейтенант Александр Соллфранк маълум қилди.
“НАТО учинчи жаҳон уруши режаларини ишлаб чиқмоқда. Бошқа нарсалар қаторида, Россия билан мумкин бўлган уруш ҳолатида ярадорларни фронт чизиғидан кенг кўламли эвакуация қилиш режаси тайёрланмоқда”, деди Соллфранк.
Унинг фикрича, бундай уруш катта эҳтимол билан кенг жанг майдонида содир бўлади ва НАТО учун жиддий йўқотишларга олиб келади. Генерал Россия Аэрокосмик кучларининг кенг имкониятлари туфайли ярадорларни ҳаво орқали эвакуация қилиш ўта хавфли бўлиши мумкинлиги, шунинг учун тез ёрдам поездларидан фойдаланиш маъқул эканини таъкидлади.
“Муаммо кўп сонли жабрланганларга тез ва сифатли ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади", дея қўшимча қилди у.
Соллфранк, шунингдек, НАТОнинг тиббий қоидаларини тартибга солиш муҳимлигини таъкидлади. Генерал ечимлардан бири кучли дори воситаларининг, шу жумладан оғир жароҳатлар учун зарур бўлган оғриқ қолдирувчи воситаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган “ҳарбий тиббий Шенген”ни яратиш лозимлигини билдирди.
Маълумот учун, тиббий эвакуацияни режалаштириш НАТОнинг Россия билан бўлиши мумкин бўлган урушга тайёргарлигининг бир элементидир. Жорий йил 22 январдан 31 майгача НАТОнинг 1988 йилдан бери энг йирик “Steadfast Defender 2024” машқлари бўлиб ўтди. 90 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар, 50 дан ортиқ кема, жумладан, авиаташувчи ва эсминецлар, 80 дан ортиқ самолёт, вертолёт ва дрон, шунингдек 1,1 мингдан ортиқ жанговар техника, шу жумладан 133 танк ва 533 пиёда унда иштирок этди.
Ушбу манёврлар Россиянинг мумкин бўлган тажовузига тайёргарликнинг бир қисми эди ва бутун Европа мамлакатларини, шу жумладан Буюк Британия, Германия, Венгрия, Греция, Польша, Финляндия, Швеция ва бошқаларни қамраб олди.
2024 йил январида Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Ғарб давлатлари яқин 3-5 йил ичида Россия билан эҳтимолий урушга фаол тайёргарлик кўришлари кераклигини айтган эди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Россияга йирик ҳарбий амалиётларга тайёргарлик кўриш учун бир неча йил керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввлроқ НАТО Финляндиянинг Миккели шаҳридаги Россия билан чегара ҳудудида беш минггача аскардан иборат зирҳли бригадани жойлаштиришни режалаштираётгани хабар қилинганди. Ҳарбий базага НАТОнинг Норвегия ва Швециядаги ҳарбий хизматчилари киритилади.
LiveБарчаси