НАТО шарққа кенгайишдан воз кечмаган – Столтенберг
Олам
−
20 Февраль 2022
7654НАТО давлатлари альянсни шарқ томон кенгайтиришдан воз кечишга рози бўлмаган. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.
“Барча 30 аъзо давлат НАТОда қўшма қарор қабул қилади. НАТО давлатлари НАТО таъсис шартномасида — Вашингтон шартномасида ёзилган нарсадан воз кечишга рози бўлган бундай қарор йўқ”, деган Столтенберг Германия телеканалига берган интервьюсида.
1949 йилда Вашингтонда 12 давлат (Бельгия, Буюк Британия, Дания, Исландия, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия, АҚШ ва Франция) Ташқи ишлар вазирлари “Шимолий Атлантика минтақасида фаровонликни ошириш ва барқарорликни мустаҳкамлаш” мақсадида Шимолий Атлантика шартномасини имзолаган. Ҳужжатнинг 10-моддасига кўра, келишув томонлари умумий келишувга кўра Европанинг исталган бошқа давлатига иттифоққа қўшилиш таклифини киритиши мумкин.
Жорий йилнинг 18 февраль куни “Der Spiegel” нашри архив ҳужжатларига таяниб, Ғарб давлатлари ҳақиқатан ҳам 1991 йилда Совет Иттифоқи раҳбариятига НАТОни шарққа кенгайтирмасликка ваъда бергани ҳақида хабар берди. Таъкидланишича, дастлаб бу ҳужжат “махфий” деб таснифланган. Унда 1991 йил 6 мартда Боннда бўлиб ўтган АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирликлари вакилларининг учрашуви ҳақида сўз боради.
Хусусан, АҚШнинг ўша пайтдаги вакили Раймонд Зайтц:
“Биз Совет Иттифоқига “Икки плюс тўрт” музокараларида ҳам, бошқа музокараларда ҳам НАТО на расман, на норасмий равишда шарққа кенгайтирилмаслиги кераклигини айтдик”, деган.
Маълумот ўрнида, 2021 йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини чоп этди. Хусусан, Москва ўзининг ғарблик ҳамкорларидан НАТОнинг шарққа томон кенгайиши, Украина блокига қўшилиши ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар ўрнатишдан бош тортишнинг ҳуқуқий кафолатларини талаб қилмоқда. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга олиб чиқиш тўғрисидаги банд ҳам бор.
LiveБарчаси