НАТО Россияни қандай “ечинтирган”?
Таҳлил
−
20 Июль
24082Инсоният ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, унинг хулосаси ўлароқ ташкил топган БМТ дунёда тинчликни сақлаш учун ишлаб чиқилган қисқа муддатли ширин ёлғон бўлиб чиқди. Ташкилот тузилгандан бир йил ўтар-ўтмас дунё янги можарога қадам қўйди. Бироқ эндиликда юз бериши мумкин бўлган хавф олдингилардан анча даҳшатлироқ бўлиш эҳтимоли юқори эди. Чунки бу пайтга келиб сайёрамизда ядро қуроли мавжуд эди. Ўзидаги бу устунликдан фойдаланган ҳолда АҚШ биринчи бор СССРга ушбу оммавий қирғин қуроли билан таҳдид қилди. Вазият бир қадар мураккаб тус олди. Энди сайёрани янги муаммо – “совуқ уруш” қамраб олганди. Жараённинг бундай ривожланиши катта эҳтимол билан дунёни яна икки ҳарбий лагерга бўлиб ташлаши кутилган эди ва бу воқелик ўзини узоқ куттирмади. Даставвал 1946 йил март ойида истеъфодаги сиёсий даҳо Уинстон Черчилль АҚШнинг Фултон шаҳридаги Вестминстер коллежида сўзлаган нутқида СССР бошчилигидаги Шарқ ва Қўшма Штатлар йўлбошчилигидаги Ғарбнинг ўртасида “темир парда” мавжудлиги ҳақида гапирганда совуқ уруш де-факто старт олганди. Бу воқеалардан роппа-роса бир йил ўтиб, АҚШ Президенти Гарри Труменнинг ҳам жиддий қарама-қаршиликларга нисбатан муносабати ўлароқ ўзига хос доктринаси эълон қилинди. Бу доктрина Ғарбнинг кейинги ҳаракатлар йўналишига таъсир ўтказди. Ядровий шантажлар фонида иқтисодий курашлар кейинчалик ҳарбий соҳада жуда жиддий тарзда давом этди. Бу эса икки душман лагерлар ўртасидаги рақобатда ҳарбий иттифоқлар пайдо бўлишини заруратга айлантирди. Тез орада шундай ҳам бўлди. 1949 йилда бир қанча Ғарб давлатлари ягона мудофаа томи остида бирлашган ҳолда ҳарбий ташкилотга асос солишди. Бу Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти, яъни НАТО эди. НАТОга 12 та давлат асос солган. Булар, Белгия, Канада, Дания, Франция, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия, Буюк Британия ва АҚШ каби давлатлар эди. Ташкилот шартномаси имзоланишидан кейин беш ой ичида барча 12 мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилинди. Бу орада СССР ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. НАТО ташкил топганидан 6 йил ўтиб унга қарши бошқа бир ҳарбий ташкилот дунёга келади. Бу СССР бошчилигидаги Шарқий Европа давлатларининг ҳарбий-сиёсий иттифоқи – Варшава Шартномаси Ташкилоти эди. Бу иттифоқ 8 та давлатдан таркиб топган бўлиб, булар СССР, Албания, Полша, Руминия, Венгрия, Чехословакия, Болгария ва ўша пайтда иккига ажралиб кетган Германиянинг шарқий қисми – Германия демократик республикаси каби давлатлар эди.
Икки ҳарбий қирғоқ
НАТО ва Варшава пактининг вужудга келиши Европани ўртасидан оловли дарё оқиб ўтувчи икки ҳарбий қирғоққа бўлиб юборди. Лекин ушбу икки ташкилотнинг тақдири турлича кўриниш олди. Ғарбдаги ҳарбий иттифоқ ривожланиш ва кенгайиш йўлидан борган бўлса, СССР бошчилигидаги шарқий ҳарбий лагерь парчаланиш ва нураш каби муаммоларга дуч келган ҳолда, охир-оқибат заволга юз тутди. Даставвал, 12 та давлатдан ташкил топган НАТО, кейинчалик пайдо бўлганидан то бугунгача нақд 10 та кенгайиш босқичини амалга оширди ва ташкилот аъзолари сонини 32 тага етказди. 1952 йилда Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотига биринчи янги аъзолар Греция ва Туркия қўшилди. Аммо бу ҳали бошланиши бўлиб, НАТОнинг шиддат билан кенгайиши ҳамда Россиянинг бурчакка сиқиши ҳали олдинда эди. Греция ва Туркиядан сўнг НАТО яна бир шов-шувли кенгайишни амалга оширди. Бу ўша пайт иккига бўлинган ва шарқий қисми СССР, аммо ғарбий қисми АҚШ, Буюк Британия ва Франция таъсири остида бўлган Германиянинг Германия федератив Республикасини ўз сафига қўшиб олиш жараёни эди. Бу НАТО чегаралари СССР томонга қараб силжиган биринчи жиддий ҳаракат бўлди. Шундан сўнг ташкилот бироз тин олди ва кейинги аъзони ўз сафига қўшиб олиш 27 йилдан сўнг содир бўлди. 1982 йил Испаниянинг ушбу сиёсий-ҳарбий ташкилотга қўшилиши аъзо мамлакатлар сонини 16 тага етказган ҳолда, совуқ уруш давридаги сўнгги кенгайиш эди. Агар Франциянинг ташкилотдаги ўрни масаласидаги баъзи истисноларни инобатга олмасак, бу пайтда Ғарбда ҳаммаси аъло даражада эди. Ҳарбий ташкилотдаги мамлакатлар сони кўпайиб, чегаралари кенгайиб бораётганди.
Аммо Шарқий Европа вазият бу ердагидан тубдан фарқ қилган ҳолда, Варшава Шартномаси Ташкилоти СССР асос солган бошқа халқаро тузилмалар сингари муваффақиятсизликка юз тутаётганди. Ташкилот сафи кенгайиш ўрнига аксинча торайиб борарди. Масалан, Албания Варшава Пакти биносидан биринчи “кўчирилган ғишт” вазифасини ўтади ва 1968 йилда ушбу ҳарбий иттифоқни тарк этди. Аслида Совет Иттифоқи сояси остидаги бу ташкилотнинг парчаланишида тоталитар тафаккур ва СССРнинг мутлақ бошқарувга ўчлиги каби сабаблар асосий роль ўйнаган. Хусусан, Варшава Шартномаси аъзолари, агар улардан бири ёки бир нечтаси ҳужумга учраса, бир-бирини ҳимоя қилишга, ўз аъзоларининг ички ишларига аралашмасликка ва бирон масала юзасидан жамоавий қарорлар қабул қилишга келишишган бўлса-да, Совет Иттифоқи бу қоидаларга тупурган ҳолда жуда катта хатоларга йўл қўйди. У Шарқий Европада ўз таъсирини сақлаб қолиш мақсадида 1956 йилда Венгрияда, 1968 йилда Чехословакияда ва 1981 йилда Полшада содир бўлган демократик руҳдаги оммавий норозиликларни шафқатсизларча бостирди. Бу эса Варшава Шартномаси Ташкилотидаги давлатлар тенг ҳуқуқли эмаслигини яққол ошкор қилди.
НАТОнинг дастлабки йирик ғалабаси
1980 йилларга келиб, Варшава Шартномаси Ташкилоти барча Шарқий Европа мамлакатларидаги иқтисодий пасайиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. 1980 йилларнинг охирига келиб, кўпчилик аъзо давлатларда сиёсий ўзгаришлар рўй берди. Шарқий Европада 1989 йилги демократик инқилоблардан сўнг авторитар муҳит остида эзилаётган Варшава Шартномаси жиддий тарзда фалажланди. 1990 йил сентябрида Шарқий ва Ғарбий Германия бирлашишга тайёргарлик кўриш мақсадида ушбу ташкилотдан чиқди. Октябрга келиб эса Чехословакия, Венгрия ва Польша Варшава Шартномасига аъзо мамлакатларнинг барча ҳарбий машғулотларини тарк этишди. Шундай қилиб, бир йилдан сўнг ёзда мазкур ҳарбий иттифоқнинг қолган-қутганлари ташкилотни сўнгги манзилга кузатиб қўйиш мақсадида Прага шаҳрига йиғилишади. Бу эса тузилган пайтида НАТОга қарши туриши кутилган Варшава ҳарбий ташкилотининг охирги куни эди. Бу Совет Иттифоқи кўрган сўнгги кўргилик эмасди. Тез орада Кремлни бундан-да ёмон сценарийлар кутаётган ва буларнинг олдида у томондан барпо этилган ҳарбий иттифоқнинг қулаши ҳали ҳолва эди.
Россия чегараларини “яланғочлаш”
1990 йилларнинг бошларида, дунё сиёсий аренасида жуда катта бурилиш юз берди. Репрессив СССР кутилганидек абадий яшамади. У парчаланди ва бу воқеа ўз-ўзидан Совуқ урушнинг тугашига ва жаҳон сиёсатида янги мустақил субъектларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Россия ўзининг 1920 йиллардаги чегараларига қайтди. Аммо эндиликда бу чегаралар хавфдан ҳоли бўлмаслиги маълум бўлди. Чунки СССРнинг парчаланиши ва у томонидан асос солинган ҳарбий иттифоқнинг аллақачон тугатилиши НАТОнинг иштаҳасини карнай қилиб юборганди. Мазкур ҳарбий ташкилот энди собиқ Варшавачилар ва постсовет республикаларини ўз сафига қўшиш орқали Россия чегараларини “яланғоч” ҳолга келтиришга жиддий тарзда бел боғлади. Шарқий Европа давлатларини ташкилотга аъзо қилиш учун бир қанча механизмлар ишлаб чиқилди. 1991 йилда ташкил этилган Шимолий Атлантика Ҳамкорлик Кенгаши бу борада дарҳол амалга оширилган ишлардан бири эди. 1994 йилда НАТО иттифоқ ва НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган "Тинчлик йўлида ҳамкорлик" дастурини қабул қилди. 1995 йилдан бошлаб эса ҳарбий альянс ўзининг кенгайиши учун янги имкониятлар борлигини бод бод таъкидлашни бошлади ва ҳатто бу борада ўзига хос тадқиқотлар ҳам олиб борилди. Россия демократизацияга аста-секин қадам қўяётгани ва уни бошқараётган Борис Ельциннинг халқаро муносабатларда ўта нимжонлиги амалда НАТОнинг олдида ҳеч қандай тўсиқ қолмаганини англатарди. Социалистик лагерь қулаши билан унга аъзо бўлган ёки у билан яқин ҳамкорлик қилган баъзи давлатларга “яшил чироқ” ёқиш борасида сигналлар берган НАТО 90 йилларнинг иккинчи ярмида шиддатли юриш бошлади. Маршрут кутилганидек Россия йўналишига қаратилди. Энди ҳаммаси расман старт олди.
1997 йил июль ойида Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммитида собиқ Совет Иттифоқининг эски дўстлари Венгрия, Полша ва Чехия каби давлатларга иттифоққа қўшилиш таклиф қилинди. НАТОга қисқа муддат рақобат қилган коммунистик ҳарбий альянснинг асосий марказларидан бири ва ҳатто пойтахти ташкилот номига ҳам асос бўлган Полша эндиликда НАТОнинг ўзига қўшилаётганди. Бу ғарбий яримшардаги ҳарбий альянснинг тўртинчи бор кенгайиши учун ташланган жиддий қадам эди. Ушбу уч давлатнинг иттифоқ сафидан расман ўрин олиши учун икки йил етарли бўлди. Венгрия, Полша ва Чехия байроқлари 1999 йилдан бошлаб Брюсселдаги НАТО штаб-квартираси ҳовлисида ҳилпирай бошлади. Ушбу уч давлатнинг, айниқса Полшанинг альянсга қўшилиши оддий бир воқелик эмасди. Сабаби, НАТО бу кенгайиш орқали ўзининг азалий рақиби бўлган Россия чегараси томон жуда тезкор кросс амалга оширганди. Полша пойтахти Варшавадан Россия пойтахти Москвагача бўлган масофа 1200 км ни ташкил қилишини инобатга олсак, мазкур кенгайиш НАТОнинг совуқ ва изғирин ҳаво оқими Кремлга жуда яқин келиб қолганини англатарди. Бу ҳарбий альянснинг Европа континенти бўйлаб улкан қулоч ёзиш жараёнидаги кичик бир тизер эди, холос.
Ушбу воқеадан кейинги беш йил ичида блокнинг навбатдаги ови постсовет давлатларига қаратилди. Аммо бу энди олдинги кенгайишлар каби осонлик билан кечмасди. Бунга етарлича сабаблар ҳам бор эди. Хусусан, бу пайтга келиб Россияда бутун ҳокимият Путин ва унинг жамоаси қўлида жамланганди. Бундан ташқари, агар НАТО кенгайгандек бўлса, энди бу Болтиқбўйи ҳудудлари ва Болқон яриморолидаги давлатлар ҳисобига амалга оширилиши мумкин эди. Бу эса НАТО тўғридан-тўғри Россия билан чегарадош бўлиб қолишини англатарди. Бироқ ўз чегаралари сарҳадини бир доирада қолиб кетишига қарши иммунитетни ўзида шакллантирган Шимолий Атлантика альянси бир жойда қотиб қолмади. Кремлнинг жиддий қаршиликларига қарамай, бу воқеа рўй берди. 2004 йил НАТО ўз тарихидаги энг йирик силжишни амалга оширди. Шу йили Россия билан қўшни бўлган ва тарихан СССР таркибига кирган Болтиқбўйи давлатлари Латвия, Литва ва Эстония ҳарбий иттифоққа аъзо бўлди. Бундан ташқари, яна тўрт давлат ҳам улар билан бирга альянс таркибига кирди. Булар Болгария, Руминия, Словакия ва Словения эди.
НАТОнинг олтинчи кенгайиши жуда йирик ҳудудларни ўз ичига олган ҳолда Болтиқ денгизини шарқий томондан, Россияни эса ғарбий томондан ўраши билан эсда қолди. Альянс Россияни тобора сиқиб бораётганди. Бундан ташқари, Болгария ва Руминиянинг альянсга қўшилиши Қора денгиз соҳилларининг ярмидан кўпроғида НАТО пайдо бўлишига олиб келди.
Бироқ бу энг жиддий масала эмасди. Эътиборга молик жиҳат шуки, эндиликда Россия ва НАТО орасидаги масофа жуда-жуда қисқарганди. Эстония ва Латвия рус ерлари билан бевосита чегарадош бўлиб, бу икки мамлакат Россиянинг икки асосий марказлари Петербург ва Москвага жуда яқин ҳисобланади. Масалан, Эстония пойтахти Таллиндан Москвагача бўлган масофа 1000 км ни ташкил қилса, Таллин ва Санкт-Петербург ўртасида бор-йўғи 316 км лик йўл мавжуд холос. Латвия эса Москвага янада яқинроқ жойлашган бўлиб, Рига ва Москвани 842 км масофа ажратиб туради. Аммо Рига Москвадан кўра Петербургга жуда яқинроқ бўлиб, бу икки шаҳар бир-биридан 480 км узоқликда жойлашган. Содда қилиб айтганда, Латвия ва Эстониянинг НАТО ҳудудий сарҳадларига қўшилиши, эндиликда альянс ва Россия ўртасида 500 км лик чегара чизиғи ҳосил бўлишини англатарди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Бизнинг эътиборимизни тортиши керак бўлган энг муҳим жиҳат Литва ва унинг маркази Вилнусдир. Чунки Болтиқбўйидаги маъмурий марказлардан Москвага энг яқини айнан Вилнус ҳисобланади. Икки давлат пойтахтлари орасидаги узунлик атиги 790 км бўлиб, бу Варшавага қараганда анчайин яқин эди. Шундай қилиб, НАТО ва Россия ораси бир нафас, бир қадам, бир лаҳза ва бир кўз юмиб-очишлик масофа бўлиб қолди. Дастлаб ташкил топганида таркибида 12 та давлат мавжуд бўлган ташкилот 2004 йилга келиб, 26 тага етди. Аммо энг қизиғи ҳарбий иттифоқнинг бу билан чегараланиш нияти йўқ эди.
“Ўхшамаган” лойиҳа ва кейинги ҳаракатлар
НАТО ташкил топгандан буён ўз ҳудудини катталаштириш ва янги чегараларга эга чиқиш борасидаги деярли барча масалаларда ўз олдига қўйган мақсадларига эришди. Бундан фақатгина Украина ва Грузия билан олиб борилган ишлар мустасно. 2004 йилдаги мисли кўрилмаган кенгайишдан сўнг, кейинги нишон Россиянинг жануби-шарқий чегараларига қаратилди. НАТОга аъзо давлатларнинг раҳбарлари 2008 йил апрель ойида Бухарестда бўлиб ўтган саммитда Украина ва Грузияга аъзолик масаласида “яшил чироқ” ёқди. Агар Украина ва Грузиянинг аъзолиги амалга ошадиган бўлса, НАТО Россияга ниҳоятда яқинлашган ва икки рақиб ўртасидаги чегара аввалги 500 км га нисбатан нақд 7 баробар кўпайган ҳолда 3700 км ни ташкил қиларди. Бу эса амалда Россиянинг ғарбий альянс томонидан сиртмоққа олинишини билдирарди.
Бироқ, ва ниҳоят, Россия бошқарувчилари НАТО аллақачон мамлакат эшигининг тагига етиб келганини ҳис қилди ва навбатдаги кенгайишга йўл қўя олмасликларини тушуниб етди. Бу пайтга келиб рус иқтидоридаги жиловларни маҳкам ушлаган Путин альянснинг ушбу режасини барбод қилиш пайида бўлди. У буни амалга ошириш учун Грузияда прокси уруш қўзғаш, Украинада эса руспараст қўғирчоқни ҳокимият тепасига олиб келиш режасини ишлаб чиқди. Аҳамиятлиси шундаки, Путиннинг Абхазия ва Жанубий Осетия лойиҳалари ҳамда Янукович кейси иш берди. Абхазия ва Жанубий Осетияда Кремль қўллови остидаги сепаратистик кучлар бу ҳудудларни Грузиядан ажратиб олди. Шундай қилиб, Грузия ҳудудий яхлитлик борасида муаммоларга дуч келиши оқибатида у учун НАТО интеграцияси саробга айланди. Украинада эса кейинги воқеалар ривожи қандай тус олгани барчага маълум.
Украина ва Грузиядаги кичик муваффақиятсизликдан сўнг ғарб ҳарбий иттифоқи Россияга чегарадош бўлмаган Болқон давлатларига ўз эшигини очди. 2009 йилда Албания ва Хорватия, 2017 йилда Черногория ва 2020 йилда эса Шимолий Македония НАТОга аъзо бўлди, ва шу билан Брюсселда жойлашган альянс қароргоҳидаги байроқлар сони 30 тага етди. Тасаввур қилиш учун бу пайтга келиб НАТОга аъзо давлатларда дунё аҳолисининг 12 фоизи, яъни 935 миллион киши яшарди. Альянс 23 миллион квадрат км да ястанган ўта йирик ва қудратли ташкилотга айланиб улгурганди.
Россия нимани пеш қиляпти?
Ғарб етакчилари, хусусан, Германия канцлери Гельмут Коль ва Ташқи ишлар вазири Ганс Дитрих Геншернинг 1990 йилда Германияни бирлаштириш бўйича музокаралар чоғида Совет раҳбари Михаил Горбачёвга НАТОнинг шарқ томон кенгаймаслиги ҳақида оғзаки ваъдалар берган. Ортда қолган яқин йилларда бу фактни ҳатто немис оммавий ахборот воситалари ҳам тасдиқлади. Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги 1990 йилга оид ўша видео ёзувни ҳам тақдим этди. Унда ўша пайтдаги Германия Ташқи ишлар вазири Ганс Дитрих Геншер ва АҚШ Давлат котиби Жеймс Бейкер телекамера олдида Совет Иттифоқидаги ҳамкорлар НАТОга кирмаслиги ҳақида кафолат олганликларини айтишади. Видеода СССР Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ва АҚШнинг Давлат котиби Жеймс Бейкер ўртасида НАТОни кенгайтирмаслик бўйича музокаралар ҳам қайд этилган.
2016 йил декабрь ойида эса Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ушбу учрашувлар бўйича ҳужжатларни НАТОга аъзо давлатларнинг вакилларига топширганини айтганди. Бу каби воқеалар ҳақиқатдан ҳам бўлган ва буни инкор эта олмаймиз. Аммо ушбу учрашувларда янграган ваъдалар ва келишувларнинг катта қисми фақат ва фақат оғзаки кўринишда бўлгани ва бу каби қуруқ гаплар НАТОнинг 14 моддадан иборат асосий ҳужжатидан устун бўла олмаслигини Россиянинг кечаги ва бугунги сиёсатдонлари тушунмаяпти ёки тушунишни хоҳлашмаяпти.
Бу ердаги барча можаронинг тепасида НАТО шартномасининг 10-моддаси турибди. Ўзи 10-модда нима дейилган? Келинг, шу моддага қисқача тўхталиб ўтамиз.
Шимолий Атлантика шартномасининг 10-моддасига кўра, “томонлар бир овоздан келишув асосида ушбу шартнома тамойилларини илгари суриш ва Шимолий Атлантика ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлган ҳар қандай Европа давлатини ушбу ташкилотга қўшилиш учун таклиф қилишлари мумкин”.
Масала марказида бундай юқори даражадаги ҳужжат турганда қандайдир оғзаки келишувга суяниш ёки уни асос қилиб келтириш ҳеч қандай натижа бермайди. НАТО ҳам худди шу тамойилга суянмоқда. Шунинг учун Путин ҳокимият тепасига келгандан буён 20 йилдан кўп вақт давомида Россиянинг кескин эътирозларига қарамай, НАТО ҳеч нарсага эътибор бермасдан бемалол кенгаймоқда.
Бугунги оловли чизиқ
Асримизнинг иккинчи декадасидан бошлаб Кремль Брюсселнинг ҳарбий амбицияларига қарши жиддий курашишни бошлади. Аммо бу баҳсда Россия томони ожиз қурол бўлган 90 йиллардаги НАТО томонидан берилган қуруқ ваъдалар билан майдонга чиқди. Турли хил лавозимлардаги бир қанча мулозимлар ҳарбий альянснинг Шарққа қараб кенгаймаслиги лозимлиги ва НАТО бу ҳақда Россияга кўплаб ваъдалар берганини айтиб келишди. Путин эса бу борада бир қанча баёнотларида можаронинг кескин тус олиши ҳақида гоҳ таҳдидона, гоҳ юмшоқ тарзда сигналлар бериб келди.
У 2019 йил декабрь ойида Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Ҳарбий-денгиз флотини ривожлантириш бўйича йиғилишда НАТОнинг кенгайиши ва унинг Россия чегаралари яқинидаги ҳарбий инфратузилмасини ривожлантириши мамлакат хавфсизлигига потенциал хавф туғдиришидан нолиганди. Путин 2021 йилнинг охирида АҚШ ва унинг иттифоқчиларидан НАТОнинг шарқ томон кенгайишини ва таҳдид қилувчи қурол-яроғ тизимларини Россия ҳудуди яқинига жойлаштирмасликни кўзда тутувчи аниқ келишувларни ишлаб чиқишни талаб қилди. Ғарб оғзаки мажбуриятларни бажармаганлигини иддао қилган Россия Федерацияси расмийлари бу масалада ва ниҳоят аниқ қонуний кафолатларни жиддий оҳангда талаб қилиш йўлига ўтди. Бу талаб билан бир вақтда 2021 йил 17 декабрда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий порталида Россия ва НАТО ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битим лойиҳасини ҳам эълон қилди. Ушбу лойиҳада Россия ва НАТО бир-бирини душман деб ҳисобламаслик, чегаралар яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказишда вазминлик кўрсатиш, Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда ҳар қандай ҳарбий фаолиятдан воз кечиш ҳамда НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги ва қурол-яроғларини жойлаштирмаслигини кафолатлашни таклиф қилган.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз услубига кўра қўпол таҳдидона риторика билан НАТО ва АҚШ Москванинг хавфсизлик кафолатларида келтирилган талабларга жавоб бермаса, қарама-қаршиликнинг янги босқичи юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Аммо альянс Бош котиби Йенс Столтенберг бунга нисбатан ўз муносабатини билдирар экан, ташкилот Россия хавфсизлигига доир масала юзасидан музокараларга доим тайёрлиги, аммо Кремль Украина ва НАТО ўртасидаги ишга аралашмаслиги лозимлигини айтди. Кўринишидан ультиматумни эслатиб юборадиган Кремль таклифларига дунёнинг энг қудратли ҳарбий иттифоқи ҳеч қачон рози бўлмаслиги аниқ эди. Шундай қилиб, 2021 йил охирлаб борар, кейинги йил келажаги эса қалин туман ичида қолаётганди. Кутилганидек, келишув амалга ошмади. 2022 йил февраль ойи охирида Россия эгоизми ва НАТО амбицияларининг омухтаси дунёнинг кенг кўламли можаро ичига кириши учун пойандоз тўшади. Бироқ ўртада Украина вайрон бўлгани қолди. Энг аламлиси, ўрмонда филлар ўзаро жанг қилди-ю, бундан эса уларнинг оёқлари остидаги нозик ва нимжон майсалар эзғиланди.
“Қош қўяман деб кўз чиқарган” Россия
Россия Украина шарқига маълум мақсад ва режалар билан қўшин киритди. Кремль бу зўравонлик орқали Киевни демилитаризация қилишни кўзлаганди. Умуман олганда, барчаси НАТОнинг шарққа кенгайиши ва Россиянинг биқинига жойлашиш жараёнига қарши ҳаракатлар ортидан содир бўлди. Хўш, бу билан Россия НАТОни ўзига яқинлаштирмаслик мақсадига эришдими? Йўқ, албатта. Ҳатто бунинг акси содир бўлди. Россиянинг агрессив ҳаракатлари унга шимоли-ғарб томондан чегарадош бўлган Финландия ва бундан ташқари Швециянинг “эси борида этагини ёпишга” мажбур қилди. Скандинавияликлар Россиянинг Украинага босқини фонида кучли хавфсизлик кафолатларига муҳтожликни ҳис қилди. Шундай қилиб, Финляндия ва Швеция 2022 йилнинг 18 майида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. 5 июль куни бу икки давлат ташқи ишлар вазирлари ва НАТОга аъзо 30 та давлат элчилари Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги протоколларни имзолади. Бироқ ратификация жараёни баъзи келишмовчиликлар туфайли бироз чўзилиб кетди. Икки номзод давлат бу борада Туркия билан савдолашишига тўғри келди.
Курдистон ишчилар партияси ва қурол эмбаргоси билан боғлиқ шартлар туфайли Швеция ва Финландия қийин аҳволда қолди. Аммо хавфсизлик ҳамиша энг устувор масалалардан бири эканлиги уларни бу жабҳада ён беришга мажбур қилди. Талаблар бирин-кетин бажарилди. Иттифоқчи давлатлар Финляндиянинг қўшилиш протоколини ўзларининг миллий процедураларига мувофиқ ратификация қилишди ва финлар 2023 йил 4 апрелда Шимолий Атлантика Шартномасининг НАТОнинг 31 та аъзо давлати бўлди. Швецияга эса Брюсселдаги НАТО штаб-квартирасида мамлакат байроғини кўтариш ва альянснинг 32-аъзо давлати бўлиш 2024 йил март ойида насиб қилди.
Оқибатда нима содир бўлди. Рус элитаси бундай сиёсий ўзгаришдан нима ютди-ю, нима ютқазди? Россия сув ва қуруқлик орқали 2295 км чегараси бўлган қўшниси Украинанинг НАТО билан интеграциясини тўхтатиб қолмоқчи бўлган бўлса, бу режа амалга ошмади ва аксинча бундан-да ёмон оқибатларга олиб келди деб бемалол айта оламиз. Чунки бу уруш НАТОни Россия томон янада яқинлаштирди ва Финландиянинг альянсга аъзолиги 1340 км лик қўшимча чегарани пайдо қилди. НАТО ва Россиянинг ўзаро чегараси ҳали бу қадар узаймаганди. Сўнгги маротаба 2004 йилда Россия бурнининг тагига келган ҳарбий иттифоқнинг мамлакат билан олдинги 500 км чегараси энди 1840 км га етди. Бу эса Россия ғарбий чегаралари юқори қисми энди тўлақонли НАТО кўз ўнгида бўлишини англатади. Украинага бостириб киришнинг иқтисодий оқибатларидан кўра ҳарбий-сиёсий оқибатлари жуда оғирроқ бўлди, негаки энди Россия дунёдаги энг қудратли ҳарбий-иттифоқ билан бир деворли қўшнига айланди.
Шунингдек, Швеция ва Финландиянинг альянсга қўшилиши иттифоққа эндиликда бутун бошли Болтиқ денгизини тўлақонли ўраб олиш ва унинг устидан де-факто назорат ўрнатиш имконини ҳам тақдим қилди. Устига устак жорий 2024 йилда НАТОнинг Вашингтондаги саммити якунида қабул қилинган декларацияга кўра, альянснинг кейинги кенгайиш нуқталари Қора денгиз ва шарқий Болқон дея эълон қилинди. Бу эса альянс ва Россиянинг эндиликда сув орқали ҳам ўзаро чегаралари яна узайишидан далолат беради. Умуман олганда, харитага назар ташлайдиган бўлсак, Россия ва НАТО ўртасида бугунги кунда қуруқлик орқали Беларус ва Украина давлатлари буфер зона сифатида сақланиб қолмоқда. Беларус Лукашенко режими остида Иттифоққа аъзо бўлиш фоизлари 0 га тенг бўлса-да, Украина сиёсий элитасининг асосий орзу-мақсади НАТО штаб-квартирасида Украина байроғини илишдир. Буни амалга ошириш эса вақт ва шароит масаласидир. Шундай қилиб, НАТОнинг шиддатли кенгайиши ва ҳозир унинг Россия остонасида тургани бугун инсонни бир хулосага етаклайди. 1949 йилдан буён давом этиб келаётган бу курашда Кремль ва Путин тўлақонли мағлуб бўлиб бўлган. Энди унинг кенгайишига қарши чиқиш имконсиз.
LiveБарчаси