НАТО Россия-Украина инқирози бўйича аниқ позициясини белгилаши керак – Эрдўған
Олам
−
24 Февраль 2022
8720НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг ҳеч бири Украина ва Россия муносабатларидаги инқирозни юмшатиш учун жиддий чоралар кўрмади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 23 февраль куни альянснинг навбатдаги йиғилиши олдидан шундай фикр билдирди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга кўра, Москва ва Киев муносабатларидаги инқироз Қора денгиз минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдиддир.
“Туркия икки қўшни давлат – Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар тезроқ тикланишига умид қилмоқда”, деган Эрдўған журналистларга.
У яқин орада НАТОдаги иттифоқчилар билан бу масалада маслаҳатлашув ўтказилишини айтди.
Видеоконференсия орқали ўтказилиши режалаштирилган НАТО саммитига тўхталиб ўтган Эрдўған, Иттифоқ мамлакатлари етакчиларидан ҳеч бири кескинликни камайтириш учун жиддий қадамлар қўймаганини айтди.
“[Франция Президенти Эммануэль] Макрон Москвага ташриф буюрди, натижа маълум. [Германия канцлери Олаф] Шольц ҳам қадам ташлади, бунда ҳам вазият яхши маълум. [АҚШ Президенти Жо] Байден бўлажак музокаралар ҳақида гапирди. Аслида, ҳеч қандай натижа йўқ. Вазиятни давлатлар ва тузилмалар нуқтаи назаридан таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи ўринда фақат НАТО қолади. Менимча, НАТО блоки ниҳоят [Россия-Украина инқирози бўйича] аниқ позицияни белгилаб олиши ва зарур бўлган ҳамма нарсани қилиши керак. Акс ҳолда, ҳамма айтганини қиляпти, лекин реал қадамлар йўқ”, деган Эрдўған.
Туркия Президенти Россия қўшинларининг Украина чегараси яқинида кенг кўламли жойлаштирилаётганига эътибор қаратган.
“Ҳодисаларнинг кейинги ривожланишини башорат қилиш учун башоратчи бўлиш шарт эмас. Шу боис НАТОнинг яқинлашиб келаётган саммитида иттифоқчи давлатлар раҳбарларининг чиқишларини кутамиз. Биз ҳам ўз позициямизни билдирамиз”, деган Эрдўған.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси