НАТО Россия биқинида ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
03 Май
5751Бугун, 3 майдан 23 майгача Литвада НАТОнинг “Griffin Lightning 2025” номли халқаро ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Литва Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Расмий баёнотга кўра, энг кўзга кўринадиган босқич бугун, 3 май кунидан бошланади – Германияга тегишли ҳарбий вертолётлар Литва ҳаво ҳудудида, куннинг ёруғ ва қоронғи пайтларида паст баландликда парвоз қилади. Мазкур машғулотлар учун Германия ҳарбий авиацияси Литвага кўчирилмоқда.
Машғулотларда иштирок этиш учун Литвага тахминан 30 та Германия ҳарбий вертолёти юборилади. Улар – TIGER жанговар вертолётлари, NH90 транспорт вертолётлари, CH-53 оғир транспорт вертолётлари ҳамда EC135 енгил кўп мақсадли вертолётлари.
Улар Литванинг катта қисмини, шу жумладан, чегарага яқин ҳудудларни ҳам қамраб олган ҳолда учади. Айрим парвозлар жуда паст баландликда – тахминан 150 метрда амалга оширилади.
Маълумот учун, “Griffin Lightning 2025” машғулотлари НАТОнинг “Шимоли-Шарқий Кўп Миллатли Корпуси” (Multinational Corps Northeast) томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий босқичлари Литва, Латвия, Польша ва Эстония ҳудудларида ўтади. Машғулотларнинг мақсади НАТОнинг минтақадаги мудофаа режаларини амалиётда синовдан ўтказиш ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО давлатлари – Бельгия, Люксембург ва Нидерландия ўз ҳарбий хизматчиларини Косовога қайта юбориб, тинчликпарвар миссияда иштирокини тиклаганди. Ушбу давлатларнинг ҳарбий контингентлари миссия штаб-квартирасида бўлиб ўтган байроқ кўтариш маросимида расмий равишда кутиб олинган.
LiveБарчаси