“Насаф” вакили самарқандликларни бўралаб сўкди

Спорт

image

Кеча, 6 июль куни Самарқандда вилоят шарафини ҳимоя қилувчи “Динамо” ва Қаршининг “Насаф” клублари ўртасида 15-турнинг марказий баҳсларидан бири бўлиб ўтди. Ўйин давомида ижтимоий тармоқларда ўзини “Насаф” клубининг матбуот хизмати ходими сифатида таништирган Сарвар Ўктамзода Самарқанд клубини ва бутун вилоят аҳолисини ҳақорат қилиб, Х ижтимоий тармоғида постлар қолдирди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Динамо” клуби матбуот хизмати муносабат билдирди. Унда “Динамо” ПФК Қаршининг “Насаф” жамоаси матбуот хизмати ходими, клуб расмийси Сарвар Бобоназаровнинг ижтимоий тармоқлар орқали рақиб жамоа ва бутун вилоят шаънига билдирган ҳақоратли фикрлари бўйича “Насаф” ПФКдан расмий тушунтириш сўраши маълум қилинган.

Хусусан, Суперлига 15-тури доирасидаги “Динамо” ва “Насаф” (2:2) ўртасидаги учрашувдан кейин Қарши клуби матбуот хизмати вакили Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида (3672 обуначига эга) Самарқанддаги ўйинда VAR техникаси Жиззахдан етиб келмагани сабабли мезбон клуб сифатида Самарқанд жамоасини ҳақоратлаган. Айниқса, унинг самарқандликларни таҳқирловчи ҳақорати турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳларда кескин муҳокамага сабаб бўлмоқда. 

“Насаф” ПФК матбуот хизмати вакили, Қаршидаги “Марказий” стадиони сухандони Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) томонидан мухлислар ўртасида адоватни қўзғовчи, кескинликка сабаб бўлаётган билдирилган фикрлар бўйича “Динамо” ПФК “Насаф” клубидан расмий тушунтириш сўрайди. Клуб бу борада қатъий чора кўришни талаб қилади”, дейилади муносабатда. 

Шунингдек, “Динамо” матбуот хизмати “Насаф” матбуот хизмати вакили Сарвар Ўктамзода бўйича тегишли идораларга мурожаат қилиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилган. 

“Бундай ҳатти-ҳаракатлар клублар ўртасидаги муносабат совуқлашиши, мухлислар ўртасидаги ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслик шарт”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача (7,5 млн сўмдан 15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, мазкур баҳсдан сўнг, “Динамо” 29 очко билан 2-ўринда, “Насаф” эса 33-очко бидан 1-поғонада бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Динамо Насаф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг