Нарх ошиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга 220 минг тонна маҳсулот етказилди
Жамият
−
10 Декабрь 2020
4316Ўзбекистонда нарх ошиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга 220 минг тонна маҳсулотлар келтирилиб, нархлар мўътадиллаштириб бориляпти. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
“Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқисликни вужудга келтиришга қарши курашиш орқали нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида прокуратура органлари томонидан барча зарурий чоралар кўриб келинмоқда”, дейилади идора хабарида.
Қайд этилишича, деҳқон бозорларида 1 830 та раста ва савдо нуқтадан иборат озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари ташкил этилиб, уларда маҳсулотлар бошқа расталарга нисбатан арзон сотилмоқда.
Қиш-баҳор мавсумида захира тадбирларини ташкил этишнинг моддий асослари яратилиб, тасдиқланган графикка мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бугунги кун ҳолатига 791,4 минг тонна ёки режага нисбатан 99,6 фоиз асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси жамғарилган.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича зарур ер майдони ажратилиб, тармоқ жадвалларига мувофиқ 10 декабрь ҳолатига уларнинг 363 таси фойдаланишга топширилди.
Маълум қилинишича, нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига нисбатан ўтказилган тадбирлар натижасида маҳсулотни қиммат сотилишининг олди олиниб, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилмоқда.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Янги йил байрами арафасида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказиладиган жойлар белгиланиб, деҳқон-фермерларни бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.
“Фуқаролар асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз равишда оширилиш ҳолатларига, шунингдек ишлаб чиқарувчилар, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари деҳқон бозорларида ўз маҳсулотларини сотишда турли тўсиқларга дуч келган тақдирда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг 71 233 10 07 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси