Нарх кўтарилгани эвазига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даражада ошди
Жамият
−
08 Ноябрь
6125Ўзбекистоннинг расмий захира активлари кетма-кет тўрт ойдан бери ўсиб, 43,14 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Қайд этилишича, биргина октябрь ойида захиралар миқдори 2 миллиард долларга ошган. Мамлакат олтин-валюта миқдори июлда – 1,06 миллиард долларга, августда – 1,75 миллиард долларга, сентябрда – 1,98 миллиард долларга юқорилаган эди. Ўтган ойда хорижий валюта захиралари 511 миллион долларга ошган – 8,709 миллиарддан 9,220 миллиард долларгача кўпайган.
Аммо бу мамлакат олтин миқдори кўпайганини англатмайди. Марказий банкнинг ёзишича, захиралардаги олтиннинг физик ҳажми ўзгаришсиз қолмоқда – 12 миллион троя унцияси (367 тонна). Шунчаки, олтин захиралари қиймати 1,44 миллиард долларга қимматлаб, 33,36 миллиард долларга етган.
Бундан ташқари, Марказий банкнинг хорижий ҳисобварақларидаги нақд валюта ҳажми 445,5 миллион долларга ошиб, 9,11 миллиард долларга етган. Шундан 414,4 миллион доллари бошқа Марказий банклар, ХВЖ ва Халқаро ҳисоб-китоблар банкида сақланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 июль кунида инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилганди. 31 октябрь кунида эса Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирганлиги ҳақида хабар берганди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси