Намойишларда қатнашган 545 кишига ҳукм ўқилди

Олам 41655
image
-

Қозоғистон судлари январь ойидаги тартибсизликлар бўйича жиноий ишлар бўйича 545 кишига ҳукм ўқиди. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Бош прокуратураси жиноий айблов хизмати бошлиғи ўринбосари Елдос Қилимжонов маълум қилди. 

"Январь воқеалари бўйича жами 429 та жиноят иши судга юборилган бўлиб, уларда 545 нафар шахс ҳукм қилинган. 83 нафар судланувчи давлат мансабдор шахсларига [нисбатан] зўравонлик қилиш, мулкни вайрон қилиш билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этганликлари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, улар етказилган зарарни қопламаган”, дейди Қилимжонов. 

Унга кўра, ҳозирда 349 нафар гумонланувчи ҳибсда сақланмоқда. Аниқланишича, улар қирғин, биноларга ўт қўйиш, қурол-яроғ ўғирлаш, давлат объектларига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига қуролли ҳужум уюштиришда қатнашган. 

Бош прокуратура вакилининг қайд этишича, тартибсизликларда республика суди томонидан экстремистик деб тан олинган “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ташкилоти тарафдорлари иштирок этган. 

"Ўша кунларда Қозоғистонда фаолияти тақиқланган ҚДТ экстремистик ташкилоти тарафдорлари оммавий тартибсизликларда фаол қатнашган. Чимкентда суд ҳукми билан ушбу тақиқланган ташкилотнинг уч нафар тарафдори 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Улар нафақат оммавий тартибсизликларда қатнашишга чақиришди, балки шаҳар ҳокимлиги биносига ҳам ҳужумлар уюштириб, талончилик билан давлат мулкига зарар етказишди”, дейди прокуратура вакили. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойи бошида содир бўлган қонли январь воқеалари бўйича 5065 та терговга қадар текширувлар рўйхатга олинганди. Фожиавий намойишларда 232 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади.

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 495
Рейтинг: 3
t
×