Намангандаги бозорларнинг бирида ёнғин чиқди (видео)
3-саҳифа
−
05 Август 2023
4833Бугун, 5 август куни Наманган вилоятидаги бозорларнинг бирида катта ёнғин юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайт этилишича, бугун, 5 август куни соат 03:39 да Наманган вилояти Чортоқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига “Наманган” МФЙ Мустақиллик шох кўчасида жойлашган савдо расталарида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шу боис воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жўнатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 250 метр квадрат майдонда дўкон ва савдо расталарининг ички қисмидаги маҳсулотлар зарарланган. Ёнғинни кенгайиб кетишининг олди олиниб, 4 минг метр квадрат майдон сақлаб қолинган.
“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта олдин Хоразм вилояти Хива шаҳри “Цангар” МФЙ Элобод кўчасида жойлашган “Хива Буюм бозори” ҳудудидаги кийим-кечак ҳамда озиқ-овқат дўконларида ҳам катта ёнғин келиб чиққан эди.