Намангандаги 68 ёшли эркак яна бир 7 яшар қизга тегажоғлик қилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
11 Май
6667Аввалроқ Наманганда 68 ёшли эркак 7 яшар қизга уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ачинарлиси, бу эркак яна бир 7 ёшли қизга тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда жабрланувчи қизалоқнинг холаси “Муштум” журналига берган интервьюсида маълум қилди.
Аёлнинг айтишича, ушбу воқеа 2023 йилнинг ноябрь ойида юз берган. Гап шундаки, 1-синфда ўқийдиган қизалоқни 68 ёшли И.Б. Matiz'га миндириб, ҳеч ким йўқ жойга олиб кетган.
“Эркак панароқ жойга олиб бориб, жиянимни машинадан тушириб, ўзининг жинсий майлини қондирган. Бу жараён тахминан 1-1,5 соат давом этган. Сўнгра Давлатобод ҳудудида, 49-мактаб атрофидаги дўкон олдига тушириб кетган. Жияним дастлаб бўлган воқеани онасига айтмаган. У эркак жиянимни қўлига 10 минг сўм берган ва синглим шу пулни кўриб қизидан “қаердан олдинг” деб, сўраган. Кейин эса жияним бўлган воқеани йиғлаб айтиб берган”, дейди қизнинг холаси.
Шундан сўнг, қизалоқнинг онаси Давлатобод ИИБга мурожаат қилган. Аммо ариза “ёпти-ёпти” бўлиб кетган.
“Жиянимни синглим va онам гинекологга олиб бориб кўрсатишган. Текширув пайтида ҳақиқатан ҳам эркак киши томонидан шилқимлик қилинган бўлиб чиқди. Лекин у одамга ҳеч қандай чора кўрилмади. Ўғиллари катта ишда ишларканми, қандайдир ИИБ билан алоқалари бор эканми, ариза охирига етмасдан қолиб кетди”, дейди қизчанинг холаси.
Шунингдек, бир қанча Facebook фойдаланувчилари томонидан тарқатилаётган хабарларда ушбу эркак собиқ ички ишлар ходими экани, унинг укалари ҳам прокуратурада ишлаши келтирилмоқда.
Қизчанинг холасининг сўзларига кўра, улар қаерга мурожаат қилса ҳам “у инсон қамалди, жазосини олади”, деган жавобни олишган.
“Аммо кейин билсак жазосини олмаган экан. Агар жазосини олган бўлганида яна бошқа қизларга ҳам шунақа қилмаган бўларди”, дейди хола.
Болалар омбудсманининг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ҳозирда ушбу вазият ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Янги Наманган туманида яшовчи Ф.О. (аёл) ички ишлар органларига мурожаат қилиб, жорий йилнинг 27 март куни 2017 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ж.С. кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган вақтида шу ердан ўтиб кетаётган И.Б. (эркак) қизни ўз автомашинасига чиқариб, унга уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилганини билдирган.
Ушбу воқеа юзасидан жорий йилнинг 5 апрель куни Наманган шаҳар ички ишлар органлари тергов бўлими томонидан И.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь