Наманганда эркак собиқ хотинини бозорда ўлдирди
Жамият
−
23 Июнь 2020
30214Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги “Сардоба” бозорида бўлиб ўтган мудҳиш воқеа видеоси кенг тарқалиб кетди. Видеода эркак аёлни шафқатсизларча пичоқлагани тасвирланган. Наманган вилояти ИИБ мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Унга кўра, воқеа жорий йилнинг 18 июнь куни соат 13:00 ларда юз берган. Наманган шаҳрида яшаган 1980 йилда туғилган С.О.нинг бир муддат шаърий никоҳда яшаган собиқ турмуш ўртоғи А.И. аёлга яна бирга яшашни таклиф қилган ва рад жавобини олгач, икки ўртада зиддият юзага келган.
Шу куни соат 19:00 ларда А.И. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда С.О. сотувчи бўлиб ишлаган Наманган шаҳар “Сардоба” МФЙда жойлашган “Сардоба” буюм бозоридаги “Матбуот дўкони”га келган. Икки ўртада келиб чиққан жанжал оқибатида А.И. ёнида бўлган ош пичоғи билан С.О.нинг орқа ўнг кўкрак қисмига бир маротаба урган. Натижада С.О. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, А. И. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддасига асосан ушланган.