Наманганда банк раҳбари фуқарони калтаклагани акс этган видео тарқалди. ИИБ ҳолатга изоҳ берди

3-саҳифа 15722
image

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида “Миллий банк” филиали раҳбари фуқаролардан зўравонлик ишлатиб, қарз ундириб олаётгани айтилган видео тарқалди. Ушбу видео юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилган. Натижада муштлашган эркаклар ёшликдан бирга улғайган синфдошлар экани маълум бўлган. Шунингдек, хабарда тасвирдаги муштлашув ҳолати раҳбарнинг иш фаолиятига алоқаси йўқлиги ҳам айтиб ўтилган. Раҳбарнинг таъкидлашича, видеони тарқатган шахс буни атайин қилган.

“Нотўғри маълумотни тарқатиб юборишибди. У ерда банкка, ишга тааллуқли жой йўқ. Улар менинг синфдошларим, ёшликдаги яқин дўстим бўлади. Банкдаги ва бошқа инсонлар ҳам улар билан яқинлигимни билади. Кимдир бундан фойдаланиб, иш фаолиятимга боғлаб ёзган.

Қайси банк бу усулда пул ундирган? Ҳозирги кунда суд бор, мажбурий ижро бор, ундирувлар бор. Бу хабар тарқаганидан кейин ўзимга “Қалай ҳолатинг энди? Сени шу аҳволга келтирмоқчи эдим”, деган ёзувлар юборилган”, дейди банк раҳбари.

Калтакланган эркак ҳам дўстининг гапларини тасдиқлаб, улар ўртасида бўлиб ўтган иш ҳеч қандай қарздорликка алоқаси йўқлигини айтган.

“Дўстим тўғри айтяпти, у билан ёшликдан катта бўлганмиз. Шунчаки, бирозгина тушунмовчилик бўлди. Бир-биримизга нисбатан адоватимиз ҳам йўқ, ўртада банкка алоқадор масалалар йўқ”, дейди видеонинг бошқа бир “қаҳрамони”.

Ўзаро муштлашувда икки фуқаро ҳам жароҳат олмаган ва бу ҳақда шифохонага ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам мурожаат келиб тушмаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 634
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×