Наманган шаҳри ва Учқўрғон туманларида транспорт ва фуқаролар ҳаракати бутунлай тўхтатилади
Жамият
−
12 Апрель 2020
11011Эртага, 13 апрель соат 06:00дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан Қайқи қишлоғи ҳудудида барча турдаги шахсий ва хизмат автотранспорт воситалари, мототранспорт (скутер), велосипед ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади.
Ушбу чеклов вилоятга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг йиғилиши баёни билан тадбиқ этилади.
Республика махсус комиссиясининг баёнида кўрсатилган ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинадиган ва махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган автотранспорт воситаларидан ташқари, Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан Қайқи қишлоғи ҳудудида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи (шу жумладан уларни етказиб берувчи ва аутсорсинг хизматлари), экспортёр корхоналар, қишлоқ хўжалигида жалб этилган (ишчи-ходим ва техника)лар, шунингдек уларга тегишли фақат юк ташишга ихтисослашган Damas (Van ва Labo) русумли автомашиналари бундан мустасно.
Ҳаракатланиш тўхтатилган давр мобайнида қайд этилган ҳудудларда яшовчи фуқаролар фақат истисно тариқасида яшаш уйидан 100 метр атрофидаги савдо нуқталарига кунига бир маротаба чиқиб, ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилишига рухсат берилади.
Фуқароларнинг карантин даврида жорий этилган тартиб ва қоидалар ҳамда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига зид равишда сабабсиз уйдан ташқарига чиқиши, жамоат жойларида бўлиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) мувофиқ маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ушбу чекловлар даврида Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани маҳаллалар ҳудудларидаги, Қайқи қишлоғи ҳудудидаги озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, Наманган шаҳридаги “Чорсу” ва “Яшил” деҳқон бозорлари фаолият кўрсатишга давом этади. Барча маҳаллалар ҳудудларида доимий кўчма савдо дўконлари ташкил этиб борилади.
LiveБарчаси