Наҳотки! Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини якунлади

Спорт 7214
image

Бугун, 18 декабрь куни ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузларидан бири, Ўзбекистон терма жамоаси собиқ сардори Одил Аҳмедов футболчилик фаолияти якунланганини эълон қилди. У бу ҳақда “Орзунинг шонли йўли” номли китобининг тақдимот маросимида айтиб ўтди.

Одил Аҳмедов нафақат Ўзбекистоннинг, балки ўз вақтида Осиёнинг энг ёрқин футболчиларидан бири сифатида эътироф этилган. 

“Одил Аҳмедовнинг мамлакатимиз футболини ривожлантириш борасидаги кейинги режаларида улкан муваффақиятлар тилаймиз. Умид қиламизки, у кейинги фаолиятида ҳам футболимиз довруғини оширишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади”, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмедов 1987 йилнинг 25 ноябрь куни Наманган шаҳрида туғилган. Профессионал футболчилик фаолиятини 2006 йилда бошлаган ва 2007 йилда миллий терма жамоа сафида дебют қилган. “Оқ бўрилар” таркибида 108 та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 21 марта ишғол этган. 4 та Жаҳон чемпионати саралашида қатнашди, 3 бор Осиё кубогида иштирок этди ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.

“Пахтакор” асосий жамоасига Валерий Непомняший мураббийлик қилган пайтда жалб этилган. Шунингдек, “Анжи”, “Краснодар”, “Шанхай СИПГ”, “Тяньжин Тэда” ва “Сангжу Лайонс” клублари шарафини ҳимоя қилган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 421
Рейтинг: 3
t
×