Нью-Йоркдаги Таймс-сквер майдонида Янги йил қандай кутиб олинади?
Олам
−
16 Декабрь 2020
3832АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Таймс-сквер майдонида анъанавий равишда нишонланадиган Янги йил байрами бу йил масофадан туриб ўтказилади. Меҳмонлар майдонга киритилмайди. Бу ҳақда "The Hill" маълумот берган.
Манбага кўра, майдондаги байрам тадбири томошабинларсиз ўтказилади, аммо телевидение ва Интернетда намойиш этилади.
Байрам тадбирлари шаҳарда амалда бўлган барча эпидемиологик талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тиббиёт мутахассислари билан маслаҳатлашилгандан сўнг ташкил этилади.
Майдонга киришга рухсат берилган ҳар бир киши тест топшириши ва тиббий кўрикдан ўтиши талаб қилинади. Шунингдек, уларнинг барчаси тиббий ниқобда бўлади ва байрам томошалари ижтимоий масофани ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади.
Тадбирга ташриф буюрувчи махсус меҳмонлар, жумладан, фавқулодда вазиятлар ходимлари, коронавирус касаллари билан ишлаган шифокорлар ва уларнинг оилаларига "2020 йил қаҳрамонлари", деган ном берилади.
Маълумот учун, 14 декабрь куни Нью-Йорк мэри Билл де Блазио коронавирус касаллари сони ортаётгани муносабати билан шаҳар бутунлай ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 16,8 млндан ошган. 304 минг нафар бемор вафот этган. Иккала ҳолат бўйича ҳам АҚШ дунёда биринчи ўринда туради.